Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эрдўған Туркиянинг янги конституцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақидаги режаларини эълон қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған душанба куни мамлакат телеканалларидан бири (TRT) эфирида ўз маъмуриятининг асосий вазифаларидан бири республиканинг янги конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш эканлигини таъкидлади.

"Асосий вазифалардан бири янги конституция бўлиб қолмоқда. Биз партиямиз иттифоқи доирасида (бу борадаги ишларни) баҳолаймиз, зарур ишларни амалга оширамиз. Партиялар ўртасида ҳам мулоқотлар бўлади, консенсус изланади. Уларнинг бу борада таклифлари бўладиган бўлса, таҳлил қиламиз”, деган у.

Мамлакатнинг амалдаги конституцияси 1982 йилда қабул қилинган. Шу давр ичида конституцияга бир қатор жиддий ўзгаришлар ҳам киритилган.

Туркия етакчиси агар ўзи 28 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ғалаба қозонса, мамлакат “бутунлай ўзгаради” ва “келажакка бошқача назар ташланади”, деган.

Эслатиб ўтамиз, Эрдўған 14 май куни мамлакатда ўтказилган президентлик сайловининг биринчи босқичида 49,5 фоиз овоз билан асосий рақиби Киличдароғлу (44,89 фоиз)ни ортда қолдирган ва ғолиб 28 май куни бўлиб ўтадиган иккинчи босқич сайловларда аниқланади.