Ерга меҳр берганлар – эл эъзозида

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалик ходимлари куни Самарқандда ҳам кенг нишонланмоқда. 

Бугун ўтказилган тантанали маросимда вилоят ҳокими Адиз Бобоев иштирок этиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб келаётган фидойиларни ушбу сана билан табриклади.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга  оширилаётган ислоҳотлар туфайли вилоят қишлоқ хўжалигида ҳам юқори натижаларга эришилмоқда. Жумладан, бу йил вилоятда 825 минг тонна ғалла, 265 минг тоннадан ортиқ пахта, 1 миллион 700 минг тонна сабзавот, 3 минг 900 тонна пилла, 349 минг тонна гўшт ҳамда 1 миллион 500 минг тонна сут тайёрлашга эришилди.

– Сўнгги йиллардаги глобал иқлим ўзгаришлари, хусусан, баҳорда ёғингарчиликнинг кам бўлиши ва ёз фаслида ҳароратнинг кескин кўтариб кетаётгани, сув ресурсларидаги тақчиллик деҳқонларимизнинг ирода ҳамда матонатини синовдан ўтказмоқда, – деди А.Бобоев. – Лекин, ана шундай мураккаб шароитда соҳа ходимларининг давлат томонидан фаол қўллаб-қувватланиши, кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда деҳқон ва боғбон, чорвадорларимизнинг, сувчиларимизнинг бой тажрибаси туфайли барча йўналишларда юқори натижаларга эришаяпмиз. 

Масалан, пахтачиликда хориждан тупроқ ва иқлим шароитимизга га мос хорижий ғўза навларини олиб келиб экилиши ўз самарасини кўрсатди. Айниқса, Шинжон технологияси асосида қўшқатор схемада, плёнка остига чигит экилиб, томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилгани ҳосилдорликни янада оширишга хизмат қилди. Бу йил пахта майдонларининг 18 фоизига экилган хорижий пахта навларидан ўртача 50-60 центнер, айрим фермерлар томонидан 65-70 центнергача ҳосил олинди. Келгуси йилда ушбу технологияни вилоятимизда кенг жорий этамиз. 

Якунига етаётган йилда ғаллачиликда ҳам ҳар қачонгидан юқори ҳосилдорликка эришдик. Иштихон, Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон, Жомбой, Оқдарё туманларида ўртача ҳосилдорлик 87-93 центнерни ташкил этди. 330 та фермер хўжалиги ҳосилдорликни 100 центнердан оширди. Энг муҳими, 550 минг тоннадан ортиқ ғалла деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолдирилди.

Тадбирда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уни экспорт қилиш ҳажми ҳам ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, йил давомида 316 миллион долларлик 303 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари Россия, Хитой, Туркия, Украина, АҚШ, Польша каби 61 давлатга экспорт қилинди. Экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 74 миллион долларга ошди. Йил якуни билан бу рақам яна ҳам ошиши кутилмоқда.

Тадбирда қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Намунали томорқачи”, “Меҳнаткаш деҳқон”, “Илғор фермер” кўкрак нишонлари, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.