Эркинжон Турдимов булунғурлик ёшлар билан учрашди

Яқинда Президент иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳар бир вилоят ҳокими ойда бир марта, туман ҳокимлари эса ҳафтада бир бор ёшлар билан учрашиб туриши бўйича топшириқ берилганди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида шу йилнинг 11 июль куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов пастдарғомлик ёшлар билан учрашганди. Навбатдаги учрашув бугун булунғурлик ёшлар билан ўтказилди.

Туманнинг Эсонтурди маҳалласида ўтказилган учрашувда 30 нафарга яқин ёшлар, асосан, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш, спортсевар ёшларни қўллаб-қувватлаш, стартап лойиҳаларни амалиётга жорий этиш, шунингдек, субсидия, имтиёзли банк кредити, бандлик, тиббий ёрдам каби масалаларда ҳокимга мурожаат қилди.

- Биз яшайдиган ҳудуд маҳалла марказидан анча олисда, - дейди Ғўбдин маҳалласида яшовчи Умида Фармонқулова. – Мактабга қатнаш анча қийинчилик туғдиради, айниқса, қиш ойларида. Йўлга соатлаб вақтимиз кетади. Агар қишлоғимизни марказ билан боғловчи автобус қатнови йўлга қўйилса яхши бўларди. Бугунги учрашувда шу масала билан вилоят ҳокимига мурожаат қилдим. Масала ҳал этилиши учун масъулларга топшириқ берилди.

Айни пайтда таълим олиш, ишлаш истагида хорижда бўлган булунғурлик ёшлар ҳам ҳоким билан онлайн мулоқот қилиш имконига эга бўлди.

- Ҳозирда Россия Федерацияси Челябинск шаҳридаман, - дейди Жавоҳир Алимқулов. - Бу ерда бакалавр даражаси бўйича олий ўқув юртини тамомлаб, ҳозирда магистратурага ҳам ҳужжат топширганман. Агар имкони бўлса ўқишимни Ўзбекистонга кўчириб, олган билимларини амалиётда қўллаш ниятидаман.

Ҳоким агар Жавоҳир Ватанга қайтса вилоят ҳокимлигида ҳам иш бошлаши мумкинлигини таъкидлади. Масъулларга Жавоҳир билан боғланишларини, мутахассислиги, қизиқиши бўйича қўшимча маълумотлар олиши юзасидан топшириқ берди.

Бундан ташқари, учрашув давомида 71-мактаб спорт залининг полини таъмирлаш, “Ҳумо” истироҳат боғида аттракционлар ўрнатиш, 9-сон мусиқа ва санъат мактаби фаоллар залини таъмирлаш, 2-мактабда халқаро стандартлар асосида немис тилини ўқитиш тизимини йўлга қўйиш, Хўжамазгил маҳалласидаги спорт майдончасини тунги вақтда ёритиш тизими билан таъминлаш, “Диёр” ўйингоҳидаги ўриндиқларни таъмирлаш каби масалалар юзасидан таклифлар билдирилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.