Эркинжон Турдимов: Четдан олинаётган кредит халқнинг пулидан қайтарилади. Шунинг учун бу пулларга нима иш бажарилса, халқ билан маслаҳатлашиш керак

Вилоят ҳокимлигида Қўшработ тумани ичимлик суви таъминотини яхшилашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Маълум бўлишича, Инвестиция лойиҳаси асосида Қўшработ туманидаги 77 та қишлоқда 55 та ичимлик сув иншоотлари қурилиб, 457 километр сув тармоқларини тортиш кўзда тутилган. Лойиҳа бўйича туманнинг 65 минг аҳолисини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш назарда тутилган.

Йиғилишда лойиҳа муаллифлари, буюртмачилар, пудратчилар, хорижий фирма вакиллари ва мутахассислар, Қўшработ тумани ҳокимлиги, "Коммунхизмат" агентлиги, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, “Сувоқава” ДУК мутасаддилари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов лойиҳалаш ишларида муаллифлар шошма-шошарликка йўл қўйгани, лойиҳанинг туман аҳолиси билан юзма-юз муҳокама қилинмагани, 10 мингдан зиёд аҳолиси бўлган Зармитан қўрғонини ичимлик суви таъминлаш ушбу лойиҳага киритилмаганини танқид қилди.

Соҳа мутахассисларининг фикри эшитилгач, бошланган қурилиш, сув қувурларини ётқизиш ишларини икки ҳафта муддатга тўхтатиб, лойиҳани бамаслаҳат амалга оширишга келишиб олинди.

– Бу муддат ичида мутахассисларни жалб қилиб, туман ҳокими ва вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида барча қишлоқларнинг талаб, эҳтиёж ва имкониятларини батафсил ўрганиб чиқасиз, – деди вилоят ҳокими. – Балки айрим лойиҳларни бошқа, ҳақиқатда тоза ичимлик сувига муҳтож қишлоқларга алмаштирармиз. Олдин кўзда тутилмаган шаҳарча ва қишлоқларни лойиҳага киритиш керакдир. 36,6 миллион АҚШ доллари кичкина маблағ эмас ва Саудия Тараққиёт жамғармаси ва Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК)дан олинаётган бу кредит халқнинг пулидан қайтарилади. Шунинг учун бу пулларни аниқ ва халқ учун манфаатли мақсадга ишлатишимиз зарур. Бугун қурилаётган сув иншоотлари камида 10 йил таъмирсиз, кафолат билан ишлаши зарур. Ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, лойиҳани яна бир бор мукаммал ишлаб, тақдим қиласиз, халқ билан келишиб, уни ижро учун қабул қиламиз.

Каримберди ТЎРАМУРОД.