Эркинжон Турдимов Мудофаа вазирлигининг III даражали “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди
Марказий ҳарбий округнинг “Маданият ва маърифат маркази”да тадбир ўтказилди. Унда Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи, генерал-майор Павел Эргашев, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Ойбек Саидов, Ўзбекистон Қаҳрамони, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳасан Нормуродов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Мудофаа вазирлиги ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашдаги уларнинг маъсулиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтишди.
Унга кўра, Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчиларининг жанговар шайлигини ошириш, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишларни ҳарбий-маъмурий сектор раҳбарияти билан ҳамкорликда амалга ошириб келаётгани ва бу бугунги кунда ижобий самара бераётганини таъкидлашди.
Шундан сўнг генерел-майор Павел Эргашев Каттақўрғон округ полигонини барпо этишда муносиб ҳисса қўшган Самарқанд вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Эркинжон Турдимовга Мудофаа вазирлигининг III даражали “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони ва Марказий ҳарбий округ қўмондонлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир давомида Марказий ҳарбий округ қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар орасида хизмат бурчини сидқидилдан бажараётган, ҳарбий жамоа ҳаётида фаол қатнашаётган, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа қудратини юксалтиришда муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга ҳарбий унвон ва эсдалик совғалари топширилди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.