Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эркинжон Турдимов: Тадбиркорга етказилган зарар ундирилади

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ўтказилган “Ҳоким ва тадбиркорлар учрашуви”да тадбиркорлар фаолиятларида тўсиқ бўлаётган қирқдан зиёд масалалар билан вилоят ҳокимига мурожаат қилишди.

Масалан, “Янги ускуна олиб келишимиз учун кредит маблағи ажратилиши кечикяпти. Бу ишлаб чиқаришни ривожлантиришимизга таъсир кўрсатмоқда”, “Электрдаги узилишлар корхонамизни тўлиқ ишлашига тўсқинлик қиляпти. Хорижий мутахассисларни жалб қилишда ҳар олти ойда визани янгилаш кераклиги ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликни кўпайтирмоқда. Қонунчиликда визани биратўла икки йилга узайтириш имкони яратилса чет эллик мутахассларни жалб этувчи корхоналар учун анча енгиллик бўларди”...

Учрашувга 200 нафарга яқин тадбиркор ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан мурожаат қилди.  

-  Биз Покистондан гўшт импорт қилиш билан шуғулланамиз ва арзон нархда ҳар қандай ҳажмда музлатилган ва совутилган гўшт етказамиз, - дейди “Мeat vishts”  масъулияти чекланган жамияти директори Хуршид Ҳалимов. – Вилоятдаги аутсорсинг корхоналари, тиббиёт муассасалари ва бошқа хизмат кўрсатувчи субъектлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда гўшт сотиш учун доимий дўконлар ташкил этишда ёрдам сўраб мурожаат қилгандик. Вилоятда ўтадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркалари ва шаҳарнинг аҳоли гавжум ҳудудларида дўконлар ташкил этишда ёрдам бериладиган бўлди.

Маълумотларга кўра, вилоят ҳокимининг сайёр қабулларида билдирилган мурожаатларнинг деярли 80 фоизи ўз ечимини топган. Бу эса республикада энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.

Учрашувда тадбиркорлар томонидан асосан электр энергияси, табиий газдаги узилишлар, кредит ажратиш, қурилишга рухсат бериш, ер тоифасини ўзгартириш каби масалаларда мурожаатлар кўп бўлди.

- Аввало, ҳар бир ходим ўз вазифасига масъулият билан ёндошса, фуқарода ҳам, тадбиркорда ҳам муаммо бўлмайди, - деди вилоят ҳокими. – Жойлардаги раҳбарларнинг эътиборсизлиги, секторларнинг ўз ишига совуққонлик билан ёндошганлиги туфайли оддий масалалар ҳам ечилмай, тадбиркорга тўсиқ бўлиб келяпти. Тадбиркор қўшимча қиймат яратяпти, маҳсулот ишлаб чиқаряпти, иш ўрни ташкил этяпти, аммо айрим мансабдорлар уларга кўмаклашиш ўрнига бевосита вазифаси бўлган масалага ечим топмасдан тадбиркорни ишига тўсиқ бўлмоқда. Бугунги учрашувда ҳам энг кўп мурожаат электр энергиясида узилишлар юзасидан бўлди. Тадбиркор қўшимча қиймат яратувчи, унга қанча зарар етказилган бўлса Омбудсман билан биргаликда ҳисобланиб, суд орқали келтирилган зарар электр энергияси корхонаси ҳисобидан ундирилади.

Ҳар бир мурожаат ижроси назоратга олиниб, тегишли масъулларга топшириқлар ва муддат белгиланди.

Ўктам Худойбердиев.