Эрта турмуш қурган қизларнинг 38,2 фоизида саломатлик билан боғлиқ муаммолар кузатилган, аммо гап фақат соғлиқда ҳам эмас...


Мустаҳкам ва соғлом оилада тарбия топган ёшлар-юрт кeлажаги
Маълумотларга кўра, эрта турмуш қуриш оқибатида 38,2 фоиз ўсмир қизларнинг соғлиғи, 22,9 фоизида эса ота-оналар билан муносабатлари ёмонлашган. Бундан ташқари, 25,2 фоизи иқтисодий қийинчиликларга дуч келган.
Афсуски, айрим ота-оналар “Тенгги чиқса, текин бер!” нақлига амал қилиб, ҳали катта ҳаёт остонасидан ҳатлашга тайёр бўлмаган ёш қизларининг елкаларига турмуш залворини юклашмоқда. Қизларни эрта турмушга бериш, бунинг натижасида оилаларнинг бузилиши ёки носоғлом фарзандлар туғилиши жамиятда долзарб муаммолардан бирига айланмоқда.
Йилнинг ўтган даври мобайнида юртимизда 22 та эрта никоҳ ҳолати аниқланиб, 41 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 55 та эрта никоҳ ҳолатларининг олди олинган. Эрта турмуш ва ажримлар сонини қисқартириш мақсадида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди томонидан “Инсон ҳуқуқи ва эркинликларига амал қилиш ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш, ҳуқуқ ва манфатларини таъминлаш, маънавий-ахлоқий билимларни ошириш, оилада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини ошириш”, “Мустаҳкам ва соғлом оилада тарбия топган ёшлар-юрт келажаги” мавзусида ажратилган 60 миллион сўм миқдоридаги давлат гранти ҳисобидан вилоятимизнинг шаҳар ва туманлари бўйлаб эрта турмуш ва ажримлар сонини қисқартиришга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилди.
Лойиҳа доирасида 3000 га яқин хотин-қиз ва ёшлар қамраб олинди. “Самарқанд ёшлари” газетаси таҳририяти томонидан олти ой давомида 20 дан ортиқ тарғибот тадбири ўтказилиб, ажрим ва эрта турмушнинг салбий оқибатлари хусусида батафсил маълумот берилди. Бундан ташқари, ижтимоий, психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизлар ва ёшларга 12 та психологик ва юридик маслаҳатлар брошюралари тарқатилиб, шу хусусда батафсил маълумотлар берилди.
Ижтимоий тармоқлар орқали эса ҳар ҳафтада эрта турмушнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ва фаоллигини ошириш бўйича сўровномалар ташкил қилиниб, уларнинг натижаларига кўра мақола, экспертлар хулосаси асосида видео-лавҳалар тайёрлаб тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
“Самарқанд ёшлари” газетаси саҳифаларида оилада соғлом муҳитни шакллантириш, эрта турмушнинг олдини олиш, баркамол авлод тарбиясида оила ва жамиятнинг роли ҳақида танқидий-таҳлилий мақолалар нашр қилиниб, ўқувчиларга тақдим этилди. Хусусан, газетанинг 2023 йилги 18-сонида “Ярим асрлик тажриба ёхуд ажрим ечим эмас!” сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада Самарқанд шаҳри «Боғимайдон» маҳалласида ташкил қилинган “Қўша қариган бахтли оилалар — маҳалламиз ифтихори” номли тадбир доирасида қарийб ярим аср давомида бирга бахтли ҳаёт кечираётган 10 та жуфтликдан иборат нуроний отахон ва онахонларнинг ибратли ҳаёт йўллари ва уларнинг фарзандлари, невара-эвараларининг ўзаро меҳр-оқибати, оила қанчалик улуғ даргоҳ эканлиги, тотувлик ва ҳамжиҳатликни сақлаб қолиш учун нималарга эътибор бериш зарурлиги ҳақида сўз юритилди.
Аҳоли гавжум жойларда ҳам тарқатма материаллар тарқатилиб, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари, ёшлар тарбиясидаги муҳим омиллар, мустаҳкам ва соғлом оила асослари нималардан иборат бўлиши тўғрисида ижтимоий сўровномалар ўтказилди. Ёш оилалар ўртасида юзага келаётган кичик тушунмовчиликлар сабаб ажримлар сони ортиб бораётган бир вақтда 50-65 йил давомида ҳаёт йўлларида бирга одимлаб келаётган, қанчадан қанча қийинчилик ва тўсиқларни ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббат ила енгиб келган нуроний отахон ва онахонларимиз ҳар жиҳатдан ибрат эканлигига алоҳида урғу берилди.

Марваридбону ЖУМАЕВА.