Эътирозга ўрин йўқ. Ота фарзанди таъминотига жавобгар

Самарқандлик А.Жасурова (исм, фамилиялар шартли) Н.Тилавов билан 2014 йил 5 январь кунида қонуний никоҳдан ўтиб, турмушидан икки нафар фарзандли бўлган.
Аммо ... бугун судда фарзандлари учун Н.Тилавовдан таъминот талаб қилмоқда. У бунга ҳақлими?
Суд мажлисида Н.Тилавов ҳақиқатдан ҳам даъвогар билан қонуний никоҳдан ўтиб оилавий турмуш қуришгани, турмушидан икки нафар фарзанди туғилгани ва ўрталарида келишмовчилик келиб чиққанлиги сабабли 2019 йил июлдан бошлаб алоҳида яшаб келаётганини билдирган.
Шунингдек, у оиласини тиклаш учун бир неча марта ҳаракат қилгани, айни пайтда фарзандларига алимент тўлай олмаслигини, шу сабабли даъво талабини қонуний кўриб чиқишни сўраган.
Иш материалларини таҳлил этиб, суд қуйидаги асосларга кўра даъво аризасини қаноатлантириш лозим деб ҳисоблади: Жавобгар ўз ҳоҳиши билан фарзанди учун моддий ва маънавий томондан даъвогарга умуман ёрдам қилмаган. У оилага бўлган маъсулиятни бажармаган. Даъвогар фарзанд тарбияси билан шуғулланиб, ишлай олмайди.
Оила кодексининг 117-моддасига асосан эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош бортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
Шу боис, суд А.Жасурованинг ўз таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги даъво талабини қисман қаноатлантирди.
Суд қарорига асосан Н.Тилавов дан даъвогар фойдасига 2017 йил 30 октябрь куни туғилган қизи уч ёшга тўлгунига қадар базавий ҳисоблаш миқдорининг ўсишига мутаносиб равишда бир баравари миқдорида алимент ҳамда давлат фойдасига 223 000 сўм миқдорда давлат божи ундириш белгиланди.
Г.ЭСАНОВА,
фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг судьяси.