Етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, регресс тартибида ундириш тартибга солинмоқда
Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.
Қонуннинг мақсади давлат ҳокимияти ваколатларига эга орган ёки мансабдор шахснинг қонунга хилоф фаолияти туфайли етказилган зарар ўрнини қоплаш ҳамда зарар ўрнини регресс тартибида ундиришни тартибга солишдан иборат.
Янги қонунда “зарарнинг ўрнини қоплаш”, “маънавий зарар”, “моддий зарар”, “ундирувчи”, “ҳудудий компенсация жамғармаси” каби асосий тушунчалар қўлланилмоқда. Қолаверса, қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларнинг устуворлиги, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик каби асосий принциплар белгиланмоқда. Мулкий зарарларни қоплаш учун ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ва уларнинг манбалари аниқ кўрсатилмоқда.
Ҳудудий компенсация жамғармаларининг кузатув кенгашларини ташкил этиш ҳамда зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағлар кузатув кенгашларининг қарори асосида ажратилиши, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳудудий кузатув кенгашларининг ишчи органи ҳисобланиши назарда тутилмоқда.
Зарарнинг ўрнини қоплаш учун ундириладиган маблағлар миқдори суднинг қарори асосида аниқланиб, ҳудудий компенсация жамғармасидан пул шаклида қопланиши айтилмоқда. Зарарнинг ўрни қоплаб берилганда ва кейинчалик зарар етказган айбдор шахсга нисбатан қонунга мувофиқ регресс ҳуқуқи юзага келган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс фаолият юритаётган ёки муқаддам ишлаган давлат органига талабнома киритиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, янги қонун билан ҳудудий компенсация жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот бериш тартиби жорий этилмоқда. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳудудий компенсация жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш тўғрисида маҳаллий Кенгашларга бир йилда бир марта ҳисобот тақдим этади.
Ҳудудий ишчи органи ушбу ҳисоботларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар тақдим этади. Ушбу маълумотлар Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этиладиган Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботида акс эттирилади.
Таъкидлаш жоизки, зарарнинг ўрнини қоплаш соҳасида юзага келадиган низоларни ҳал этиш, Кузатув кенгашларининг қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, жисмоний ва юридик шахслар билан давлат органларининг зарар ўрнини қоплаш борасидаги ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ҳамда ноаниқликлар жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдасига талқин қилиниши мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, янги қонун билан Фуқаролик, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга, шунингдек, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги ва “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга зарар ўрнини қоплашга оид тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Янги қонунни ишлаб чиқиш жараёнида АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Латвия, Литва каби қатор хорижий давлатлар тажрибаси таҳлил қилинган.
Янги қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг давлат органлари ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликлари туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга ҳамда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга хизмат қилади.
Етказилган зарарлар айбдор шахслардан регресс тартибида ундиришнинг ягона амалиёти вужудга келади ва қонуний асослари белгиланади. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланади, мансабдор шахснинг шахсий масъулияти ошади ҳамда давлат идоралари фаолиятида шаффофлик таъминланади.
Шавкат ТАВБАЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар суди раиси.