Халқаро майдонларда натижа кўрсатган спортчилар рағбатлантирилди
Вилоят ҳокими Адиз Бобоев халқаро спорт майдонларида юртимиз байроғини баланд кўтарган юз нафарга яқин иқтидорли спортчини тақдирлади.
Тадбир мамлакатимизда ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Тақдирлаш маросимида 2025 йилда ўтказилган III МДҲ давлатлари ўйинлари, III ёшлар Осиё ўйинлари, VI Ислом бирдамлиги ўйинлари ҳамда Тошкентда ташкил этилган «Президент олимпиадаси»да ғолиб ва совриндор бўлган ёшларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилди. 2028 йил Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган ҳамда халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қайд этган спортчилар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантирилиб, уларга пул мукофотлари топширилди.
Спортчиларимиз дзюдо, бокс, бадиий гимнастика, енгил атлетика, шахмат, велоспорт ва параспорт турлари бўйича жаҳон ҳамда Осиё чемпионатларида шоҳсупага кўтарилишди. Улар қўлга киритган олтин, кумуш ва бронза медаллари вилоятимиз спортининг юқори салоҳиятидан далолат беради.
Вилоят раҳбари спортчиларни табриклар экан, ушбу ғалабалар бошқа тенгдошлари учун муносиб ўрнак эканини таъкидлади.
Тадбир сўнгида ёшлар келажакда янада юксак марраларни забт этишга ваъда беришди.