Етмиш йил яшабман сени унутиб...

Оқдарёлик ижодкор Ойгул Маматова 70 ёшини қаршилади.
Ойгул опа 1955 йил 17 июнда Оқдарё туманининг Чавка қишлоғида туғилган.
Шоиранинг “Жаннат қуши” романи, “Дарвеш аёл” шеърлар тўплами, “Ўлик шоҳ” драмаси, “Оналар баёти”, “Менинг Тож-Маҳалим”, “Вулқоннинг тизгинланиши”, “Менинг нодавлат ташкилотим” каби китоблари нашр этилган.
Қуйида ижодкорнинг янги шеърларидан ўқийсиз.
***
КЕТМОҚ
Куз
Хазонлар дод солди қадамларимдан,
Ўпкаси эзилди мағлуб кузакнинг.
Минг хил меваларим пойингга тўкдим,
Дардин тушунмадинг ошиқ юракнинг.
Куздан-да умид йўқ, кутмадим, кетдим.
Қиш
Мен кетдим, қишнинг-да кайфияти зўр,
Энди заҳрин сочар истаган касга.
Шамнинг шуъласига шукур қилган эл,
Қуёшнинг тафтини унутар аста.
Қаҳратон, юрагим музлатдинг, кетдим.
Баҳор
Деразамни чертар тун бўйи ёмғир,
Осмондан келаётган ҳавойи ошиқ.
Заминнинг қоидасин тушунмайди у,
Мумкинмас ҳаттоки, ойнадан боқиш.
Баҳор, эрк бермадинг, йиғладим, кетдим.
Ёз
Саратон, куймагайсан, дод солмагайсан.
Ўт аро шамсни-да, тан олмагайсан.
Нафсинг шайтонни-да, этар муттасиб,
Дунёни пишириб, еб, тўймагайсан.
Тўрт фаслингдан тўйдим, қолмадим, кетдим.
Она Ер
Етмиш йил яшабман сени унутиб,
Фасллардан кутиб меҳру оқибат.
Замин – мени суйган қора ҳабашим,
Ассалом, беминнат, мангу ҳаловат,
Она ер, бағринг кенг, яйрадим, кетдим.
ШОИРЛАРГА
(Озарига ўхшатма)
О, шоирим, ёзар бўлсам, хаёлот бор, ҳаловат йўқ,
Туну кун ёримдур қалам, садоқат бор, хиёнат йўқ.
Булбулким, жонимни олмиш халқумига чоҳ қўйиб,
Кўргуликким, ҳар куйинда тижорат бор, хижолат йўқ.
Қалбим оташдек, ёнадур назм аро адл ишқида,
Оловдин жон олур жоним, қиёмат бор, ҳарорат йўқ.
Хароб кулбам, устун қалам, паноҳим бир юлқум қоғоз,
Қоғознинг-да, закоти кўп, назорат бор, даромад йўқ.
Меҳнат қилур одаму, ҳар воиз Аллоҳдин бехабар,
Уммат ҳолин этадур танг, таловат бор, саловат йўқ.
Гоҳ қиблагар, гоҳ ҳийлагар, уққанни уқмаган талар,
Мезана минбар тагинда, жойнамоз бор, таҳорат йўқ.
Шоиро, минбар, мезана, токим, улус боқмас санга,
Сабабким, ҳар чин сўзингда баёнот бор, хушомад йўқ.
КЎНИКИШ
Сафарим алмашди,
шаҳарим алмашди.
Дунё фароғатидан
умидим уздим.
Менга нима фарқи бор,
жойнинг, фақат,
Ичадиган заҳарим алмашди.
Энди бу заҳарга кўникиш қийин.
Яшагим алмашди,
тўшагим алмашди,
қайси остона гулдан яратилган, айт,
ҳаммаси ясалган тошдан, ёғочдан,
тилсиз, ифорсиз,
Жасадинг қайси эшикдан чиқар,
нима фарқи бор?
Тўшагингда кимдир
қолмаса жонсиз.
Энди бу тўшакка кўникиш қийин.
Қадрим алмашди,
сабрим алмашди,
Ўттиз тўққиз куни ўтди ёлғоннинг.
Бир кун рост яшадим,
Тоҳир, ёнингда,
Ё, раб!
Яна Қоработир тушди ўртага,
Айтгин,
Зуҳро, азизим,
Тупроқнинг-да нима фарқи бор?
Энди бу қабрга кўникиш қийин!
Кўникиш қийин… қийин!...
Сиздек туғилганман
Сал олдин ё кейин келдимми дейман,
Кенг дунёга сиғмай қолган чоғларим.
Не учундир мени тушунмоқ қийин,
Ё мен тушунмайман замон торларин.
Ҳақ йўлда кимнингдир дилин оғритсам
Ўз феълимдан ўзим ёниб кетаман
Барибир ўзимга маъқулдир шу йўл
Шундай туғилганман, шундай ўтаман.
Дўст топиш нақадар машаққат мен-чун
Душман бўлар бир сўзда беш-бегона ҳам.
Вужудимда йўқдир хиёнат кири,
Менга ёр ғариб бахт, лек шоҳона ғам.
Ўзим бир дунёман, ўзим бир давлат,
Ўзимча яшайман, атрофим чаман.
Тиконзор, сенга-да бошим эгмадим,
Гулдек туғилганман, гулдек сўламан.
Ошиғинг олчи бўлса, ҳар гапинг маъқул,
Сурунсанг, бир пулдир донолигинг ҳам.
Тўшагингга туфуриб кетадир ҳатто,
Омадинг қайтганда жуфт-ҳалолинг ҳам.
Бир ўзим ютганман тўлғоқ азобин,
Рўзғор аробасин-да ёлғиз тортаман.
Жуфтимни топмадим аввали-охир,
Тулдек туғилганман, тулдек ўтаман.
Йиғласам «ҳижроннинг қулисан», деманг,
Кулсам, «киборларнинг гулисан», деманг.
Жону, таним шу Ватан учун қурбонлик,
«Эй, Ойгул, сен кимнинг кимисан?”, деманг.
Умр пештоқига билмам неча йил
Ризқим сепилгандир шуни тераман.
Мен ҳам сизлар каби оддий бир инсон,
Сиздек туғилганман, Сиздек ўламан.
Умр ўтар...
Қўл чўзсам, гадойдан қочар мурувват,
Шериклик хавфидан озурда жони.
Пайтавамга тушган қуртлар ғимирлар,
Йўлига сололмай чиқар фиғони.
Тангрим, кас, нокасга этмагин тобе,
Қуртнинг суяги йўқ, пайтава иссиқ.
Ҳеч ким чориғига ўт қўёлмайди,
Бурқсийди қадамда аччиқ исириқ.
Сўнгги қадамгача шу алфоз ҳаёт,
Исириқ найранги алдар димоғинг.
Ниҳоят чориғинг суғуриб олар,
Жуфт қилиб боғлашар яланг оёғинг.