Евро-2020: Чемпионликка даъвогарлар сараланмоқда

Кеча футбол бўйича Европа чемпионатининг 1/4 финал ўйинларига старт берилди. 

Дастлаб Санкт-Петербург шаҳридаги "Газпром Арена" стадионида Швейцария ва Испания терма жамоалари куч синашди. Учрашувнинг асосий ва қўшимча вақтларида дуранг натижа (1:1) қайд этилди.

Пенальтилар сериясида Швейцария испанларга “йўл беришга” мажбур бўлди: Испания ярим финалга йўл олди.  

Германиянинг Мюнхен шаҳридаги "Альянц-Арена" ўйингоҳида эса Бельгия – Италия терма жамоалари тўқнашуви бўлиб ўтди. Жуда катта руҳий босим остида ўтган учрашув 2:1 ҳисобида Италия фойдасига ҳал бўлди.  

Шундай қилиб, Испаниядан кейин Италия ҳам кейинги 1/2 финал босқичига чиқди.

Бугун тунда уларнинг рақиблари ким бўлишини билиб оламиз. Яъни, Озарбайжон пойтахти Баку шаҳридаги "Олимпийский" стадионида Чехия – Дания терма жамоалари тўп сурса, Рим шаҳридаги "Олимпико" яшил майдонида Англия – Украина терма жамоалари ўйини бўлиб ўтади.