Европа Иттифоқи Лукашенкога қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди

Европа иттифоқининг 27 мамлакати ташқи ишлар вазирлари Беларусь президенти Александр Лукашенкога қарши санкциялар жорий этиш тўғрисида сиёсий қарор қабул қилди. Бу ҳақда «Известия» нашри хабар берди.

Лукашенконинг “эркин ва адолатли бўлмаган” инаугурацияси санкциялар жорий этилишига сабаб этиб кўрсатилди, деб хабар бермоқда ТАСС агентлиги.

Октябрь ойининг бошида Европа Иттифоқи Беларуснинг 40 нафар мансабдорига нисбатан санкциялар жорий этган эди. Ўшанда “президент сайловлари натижаларини сохталаштириш, зўраволик ва инсон ҳуқуқларини поймол қилиш” санкциялар жорий этилишига сабаб этиб кўрсатилди. Шу билан бирга, президент Александр Лукашенко санкциялар рўйхатига киритилмаган эди. Франция президенти Эммануэль Макрон бу ҳолатни ЕИ Александр Лукашенкони ЕХҲТ воситачилиги ёрдамида мухолифат билан музокара бошлашига кўндиришга ҳаракат қилаётганлиги, сиёсатчини қора рўйхатга киритиш эса уни рад жавобини беришини оқлаши мумкинлиги билан тушунтирган эди.