Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигида янги давр

17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Европа Иттифоқи ва  Марказий Осиё” форматидаги тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, 17 ноябрь куни ташқи ишлар вазирлари учрашуви, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда барқарор энергияни ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳасига бағишланган давра суҳбати ва “Марказий Осиё ёшлари овози” форуми ташкил этилди.

18 ноябрь куни эса “Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўзаро боғлиқлиги: барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг конференция қатнашчиларига мурожаатномасини давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов ўқиб эшиттирди.

Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатида бугунги кунда дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий жараёнлар ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган турли зиддиятлар, глобал сиёсий ва иқтисодий беқарорлик, турли замонавий таҳдидлар минтақалар ва давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтиришни тақозо қилаётганини қайд этган.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган мазкур анжуман Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида мулоқотларни фаоллаштириш, ҳамкорликни амалий дастур ва лойиҳалар билан бойитиш, минтақалараро очиқ ва самарали алоқалар тизимини шакллантириш, кўп қиррали шерикликни янада чуқурлаштиришга қаратилгани билан ғоят аҳамиятли эканлиги таъкидланган.

Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, инклюзив “яшил ўсиш”га ўтиш, сувдан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш бундан кейин ҳам кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишлари бўлиб қолади, деб ишонч билдирган Ўзбекистон етакчиси.

Конференциянинг очилиш маросимида, шунингдек, Европа Иттифоқи Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хельга Шмид ҳам сўзга чиқди.

– Европа ва Марказий Осиё халқлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тарихи бир неча асрга бориб тақалади, – деди Европа Иттифоқи Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель. – Айниқса, қадимий Буюк ипак йўли бу алоқаларни янада ривожлантишга хизмат қилган. Бугун ҳам Марказий Осиё давлатларининг Европа иттифоқи мамлакатлари билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлиги икки ва кўп томонлама ривожланиб бормоқда. Пандемиядан кейин дунё давлатлари олдида иқтисодий барқарорликни тиклаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экология масалалари энг долзарб вазифалар бўлиб қолди. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари учун ҳам бу масалалар ғоят муҳим ҳисобаланади. Биз бу борада уларни қўллаб-қувватлаш ва ёрдам беришга тайёрмиз. Иқтисодий тараққиёт учун кўпроқ инвестиция зурар ва бунга эришишда мамлакатда шаффофлик, очиқлик таъминланиши, мустаҳкам ва кафолатли қонунчилик зарур. Биз бу борадаги мақсад ва интилишларимизни бирлаштиримиз керак.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо хоним бугунги геосиёсий вазият нуқтаи назаридан Марказий Осиё ва Европа иттифойи давлатлари орасида савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш учун транспорт коммуникация тизимлари, энергетика ва рақамли инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Бу борада давлат ташкилотлари билан чекланмай хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш лозим. Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларида фаолият кўрсатаётган ЕТТБ ваколатхоналари имкониятларидан тўғри фойдаланиб, инвестиция соҳасида кучларни бирлаштириш ва биргаликда ҳаракат қилиш фойдали бўлиши таъкидланди.

Анжуманнинг “Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигига нигоҳ” деб номланган ялпи йиғилишида асосий спикерлар –Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов, Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Айбек Молдогазиев ва Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Гажиев иштирок этди.

Европа Кенгашининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала бошқарган ялпи йиғилишда спикерлар Европа иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида уч йўналиш – савдо-иқтисодий шериклик кўламини кенгайтириш, транспорт бўйича ўзаро боғлиқликни такомиллаштириш ҳамда рақамли инфратузилмани бугунги кун талабидан келиб чиқиб, замонавий технология ютуқларини кенг жорий этган ҳолда ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди.

Кунни иккинчи ярмида конференция дастурига кўра, белгиланган мавзулар бўйича алоҳида сессиялар кўринишида йиғилишлар давом этди. Мунозара, муҳокамаларга бой кечган сессияларда рақамлаштириш, сув ва энергетика, транспорт соҳаларида ўз давлатларида етакчи экспертлар, вазирлик, идоралар мутасаддилари айни йўналишлардаги муаммоли масалаларни Европа Иттифоқи ва бошқа ҳамкор халқаро молиявий тузилмалар кўмагида, қўллаб-қувватлаши билан биргаликда ҳал этиш йўлларини кўриб чиқдилар.

Анжуман “Истиқбол ва кейинги қадамлар” деб номланган В2В форматидаги мулоқотлар, минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги икки томонлама учрашувлар кўринишида давом этди.

Конференция якунида ялпи мажлис ва шуъба йиғилишларида муҳокама этилган масалалар юзасидан Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

Конференция якунларига бағишлаб ўтказилган брифингда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳамда Европа Иттифоқи Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель тадбирлар юксак савияда, томонларнинг фаол иштирокида ўтганини таъкидлади. Муҳокама этилган масалалар ва эришилган келишувлар Европа Иттифоқи – Марказий Осиё муносабатларида янги сифат босқичини бошлаши, икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

– Биз Европа Иттифоқининг 2021 йиль декабр ойида эълон қилинган “Глобал дарвоза” ташаббусини олқишлаймиз – деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири В.Норов. – Бу қўшма инвестицияларни, айниқса инфратузилмани рағбатлантириш, иқтисодий ҳамкорлик учун яхши шароитлар яратиш, барча қитъалар бўйлаб товарлар, одамлар ва хизматларни кўчириш орқали глобал алоқа шериклигини ривожлантиришни назарда тутади.

Тадбирлар доирасида Европа иттифоқи ва Марказий Осиё хусусий сектор вакилларининг тақдимотлари, учрашувлар ўтказилди.

Ғ.ХОННАЗАРОВ,

Ғ.ҲАСАНОВ.

**

А.ИСРОИЛОВ, Д.ЁҚУБОВ олган суратлар.