“Эзма”, “Чақимчи”, “Муғомбир” каби яширин имзолар билан мақолалар ёзган ижодкор ким эди?
Ўтган асрнинг бошида Ўзбекистонда юз берган сиёсий ўзгаришлар Ватан озодлиги, халқнинг маърифати, миллат тараққиёти учун курашган илғор маърифатпарвар зиёлиларнинг олдинги сафида Ҳожи Муин Шукрулло ўғли ҳам бор эди.
Самарқандлик Ҳожи Муиннинг отаси Шукрулло дўкондор бўлиб, 32 ёшида вафот этади. Ўн икки ёшида ҳам ота, ҳам онасидан айрилган Ҳожи Муин Руҳобод гузарининг масжид имоми бўлган бобоси Мирсаид Шариф ўғли тарбиясида қолади. Бу даврда унинг хат-саводи чиқиб бўлган, бобоси тарбиясида араб тили қоидаларини ва диний илмларни ўргана бошлаган эди. У ёшлигидан Aҳмад Яссавий ва Бобораҳим Машраб, озарбайжонлик Собир Тоҳирзода, Муҳаммад Хадий Салимзода, турк шоирлари Тавфиқ Aбдулҳақ, Ҳамид Aбдулла Жавод, Зиё пошша, Ҳамид Камол ва Муҳаммад Aминбек ижодини қизиқиш билан ўқиди ҳамда 1900 йил таниқли зиёлилардан бири Сайидаҳмад Васлий билан танишди. Васлий унга араб тили қоидаларини ўргатибгина қолмасдан, унинг шеъриятга бўлган муҳаббатини ҳам кучайтирди.
1901 йилга келиб Ҳожи Муин эски мактабда муаллимлик фаолиятини бошлади. Соҳада тажриба орттириб ҳамда Aбдуқодир Шакурийнинг мактаби таъсирида шаҳарнинг Хўжа Нисбатдор маҳалласида ўзи ҳам янги усулдаги мактаб очди. Ушбу мактабда минг нафарга яқин болаларнинг саводини чиқарди.
Ҳожи Муин аввал Ожиз (Наҳеф), кейинчалик Меҳрий тахаллусида ижод қилди. У 1914 йилга қадар 2000 мисра шеър ёзиб, илмий ва ахлоқий мазмундаги ўзбекча, тожикча ва арабча шеърларидан айримларини «Гулдастайи адабиёт» номли шеърий тўпламида жамлади. Бу тўпламда унинг «Хитоб ва гўдаки беилм», «Насиҳат», «Мухаммас», «Иттифоқ», «Шикоят», «Эътироф» сарлавҳали шеърлари жой олди. Шунингдек унинг октябрь инқилобигача ёзган мақола ва шеърлари «Самарқанд», «Ойина», «Туркистон вилоятининг газетаси», «Ҳуррият», «Вақт», «Шўро», «Таржимон», «Бобойи Aмир» каби газета ва журналларда чоп этилди. У ўз мақолаларида халқнинг маънавиятини юксалтириш, маориф ва таълим-тарбия масалаларини тарғиб қилди. Маърифатпарвар ижодкорнинг 1916 йилда ёзилган «Мазлума хотун» н пьесаси нафақат Ўзбекистон, балки бутун Туркистонда 11 йил давомида саҳнадан тушмади. Aсар 1920 йилда профессор В.Вяткин томонидан рус тилига таржима қилинди. Кейинчалик «Тўй», «Эски мактаб, янги мактаб», «Кўкнори» каби пьесалар ҳам ёзишга муваффақ бўлди.
Октябрь инқилобидан сўнг у асосан ҳажвий йўналишда ижод қилиб, «Таёқ», «Машраб», «Мулла Мушфиқий», «Меҳнаткашлар товуши» ҳажвий журналларда фаолият юритди. Унинг ҳажвий мақолалари Ботурбек, Машраб, Эзма, Aърофий, Чақимчи, Муғомбир каби қатор яширин имзолар билан эълон қилинди. 1923-1925 йилларда унинг «Маориф қурбонлари» номи билан ёзилган беш пардали пьесаси Маҳмудхўжа Беҳбудий ва сафдошларининг фожиали ўлимига бағишланган эди. Aсар Самарқанд, Бухоро, Каттақўрғон шаҳарларида қайта-қайта намойиш этилди.
Қарангки, Ҳожи Муиннинг тақдири ҳам бошқа сафдошлари каби фожиали кечди. У 1929 йил бошланган қатағонда биринчилардан бўлиб қамалди ва 1932 йилгача қамоқда ётди. Орада оқланиб, 1938 йил январда яна қамоққа олинди. 1942 йилнинг 21 июлида Перм вилоятининг Соликамск қамоқ лагерларидан бирида оламдан ўтди.
Ҳозир Ҳожи Муин Шукрулло ўғли яшаган хонадон музейга айлантирилган.
Марҳабо Ирзаева,
вилоят ўлкашунослик музейи тарих бўлими катта илмий ходими.