Фармацевтика соҳасида тадбиркорлик қилиш учун қандай имтиёз, имконият бор?

- Ургутда фармацевтика соҳасида ишлаб чиқариш корхонаси қуришим учун ер ажратиб бериш пайсалга солиняпти. Нима учун?

- Хорижда фармацевтика институтини тамомлаб келганман, лекин Самарқандда дорихона очишимда тўсиқларга учраяпман. Менга ким ёрдам беради?

Шу ва шунга ўхшаш қатор саволларга Самарқанд шаҳрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича ташкил этилган сайёр қабулда жавоб берилди.

Вилоятимизда фармацевтика соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар, дорихона, таъминотчи компания ва фирмалар раҳбарлари иштирок этган сайёр қабулда ургутлик тадбиркорлардан бири Жаҳонгир Самиев ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Маълум бўлишича, у бир неча йилдан бери стерилланган нам салфеткалар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этишга қарор қилган. Бироқ унга бу фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилмаяпти. Қабулда агентлик мутахассислари томонидан тадбиркорнинг иш фаолиятини, корхонасининг имкониятларини ўрганиб чиқилгандан сўнг нима учун рухсат берилмаганлиги батафсил тушунтириб берилди.    

- Доришуносликка бўлган қизиқишим туфайли Россиянинг Шимолий Кавказ федераль университетида кимё-фармацевтика мутахассислиги бўйича таҳсил олганман, - дейди Назар Сиддиқов. – Бироқ дорихона ва турли тиббий воситалар ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш, айрим ҳужжатларни нострификация қилишда муаммолар пайдо бўляпти. Бугун мазкур агентлик мутахассисларига мурожаат қилиб саволларимга жавоб олдим. Мутасаддилар тадбиркорликни ташкил этишим учун кўмак берадиган бўлди.

- Сўнгги йилларда юртимизда фармацевтика соҳаси ривожланиб бораётганлиги сабаб шу йўналишда меҳнат қилаётган тадбиркорларимизда ҳам турли саволлар, муаммоли вазиятлар пайдо бўляпти, - дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Акбаров. - Шу сабабли барча вилоятлар бўйлаб сайёр қабуллар ташкил этяпмиз. Вилоят ҳокимлиги вакиллари билан ҳамкорликда соҳадаги муаммоларни жойида ўрганиш жараёнида ечим топишга ҳаракат қиляпмиз.

Қабулда қатнашган 60 нафардан зиёд тадбиркор томонидан ишлаб чиқариш фаолияти ва талаблари, дорихоналарга лицензия бериш, халқаро стандартларни жорий қилиш, давлат рўйхатидан ўтказиш каби 30 дан зиёд саволга жавоб берилди.

Дилмурод Тўхтаев.