Фармон Тошев: Ўзбекистондаги ҳозирги ўзгаришларни англамаслик виждонсизлик билан баробар
Буни баъзан инсоф, диёнат ҳам деймиз. Аммо виждонли бўлишнинг ўзи кифоя қилмас экан, ўзингизда бу туйғунинг борлигини амалда кўрсатиш ҳам зарур.
Очиғи, ҳар гал алломаларимизнинг виждон билан боғлиқ фикрларини ўқир эканман, ўз виждоним олдида уялиб қоламан, гуноҳкорлигимни ботинда сезаман: «Виждон – мингта гувоҳ», «Виждон – олий ҳакам», «Одамларга эмас, виждонингга қулоқ тут», «Виждон қонунларнинг қонунидир», «Виждон ҳукмронлик қилади лекин бошқармайди», «Обрўдан кўра, виждонни кўпроқ ўйла», «Уят ва виждон – биздаги тарбиявий китобларнинг энг яхшиси, унга тез-тез қараб туриш керак», «Кишининг виждонлилиги унинг ҳаракатидан билиниб туради».
Энди, келинг, ана шу фикрлар нуқтаи назаридан ўз хатти-ҳаракатимизга бир назар ташлайлик. Аввалдан очиғини айта қолай, айрим юртдошларимизнинг мамлакатдаги бугунги воқеликка муносабати мени ушбуни ёзишга ундади.
Ўзбекистондаги ҳозирги ўзгаришларни англамаслик, кўра билмаслик виждонсизлик билан баробар. Ахир барча ислоҳотлар шу замин одамларининг яхши яшаши учун қилиняпти-ку! Минглаб ногиронлар, ёрдамга муҳтож кишиларнинг уй-жойли бўлганидаги қалб сўзлари тош юракда ҳам бу сиёсатга меҳр уйғотмайдими?! Раҳбарларнинг сайёр қабуллари, жамоатчилик гуруҳларининг, республика ишчи гуруҳининг уйма-уй юриши, одамлар аҳволидан хабар олиши сиз билан биз учун эмасми? Ёшларга, турли соҳа ходимларига қурилаётган уйлар-чи?
Энг муҳими, ҳар бир кишининг ислоҳотлар бўйича фикрини олишга йўл очилди, бюрократия, коррупция, порахўрлик, масъулиятсизликка қарши босқичма-босқич кураш олиб бориляпти. Айниқса, интеллектуал бойликни қадрлаш борасидаги ишларни ким инкор этади?
Албатта, сиёсат шунчалик ибратли ва ҳар томонлама олиб борилаётган экан, нега менинг ишим битмаяпти, дегувчилар топилади. Тўғри, ҳар қандай шиддатли тараққиёт ҳам инсоннинг маънавияти ва тафаккурига таянади. Йиллар давомида шаклланган ножоиз одатлардан қутулиш осон эмас. Ўзгараётган тизимда бир-икки лоқайд, манфаатпараст шахсларнинг бўлиши бор гап. Лекин улар ҳам сизу бизнинг эътирозимиз, талабимиз, қолаверса, яратилаётган шаффоф назорат туфайли ўз фаолиятини тўғрилайди ёки четга чиқиб қолади.
Умуман, биз жамиятга, давлат сиёсатига баҳо беришда виждонимиз тарозисининг бир палласида атрофда бўлаётган ишларни, иккинчи палласида унга ўзимиз қўшган ҳиссани қўйиб кўрдикми? Шу жамият поклиги йўлида ўз оиламизда, жамоамизда қилган ишларимизни сарҳисоб этдикми? Фарзандимиз, шогирдимиз нотўғри йўлга кирганда унинг сабабини «кўчадан» кўришдан бошқа сабаблар ҳақида ўйлаб кўрдикми?
Вақтида дўкон очиб, ўғринча мол сотиб, данғиллама иморат қурган, қўшхотинли шахс, ўз ҳамтовоқлари туфайли касодга учраб, касаллик орттириб, энди ҳар куни портал орқали давлатдан ёрдам сўраб турганда унга унинг кимлигини айта оляпмизми? Ёки икки кишидан икки бола орттириб, бир айланиб, «ёлғиз она» мақомига кирган аёлга унинг иккита оилани бузганини ишора қиляпмизми?
10-15 йилдан бери ер ёки уй-жой низоси баҳонасида ўнлаб идоралар, прокуратура ва судларни овора қилаётган, низолари муросасиз битмаслигини тушунмаётган қариндошларга жамоат хулосасини айта оляпмизми?
Баъзан вилоят ҳокими қабулида шикоятчининг талаби айтилганда мутасадди идора раҳбари «Шу бугуноқ бориб, масалани ўрганаман», дейди. Телемулоқотда тушган саволга ҳам шунақа жавоб берилади. Энди ўзингиз ўйланг, ўзига биркитилган соҳа ёки ҳудуддаги аҳволдан бехабар масъул шахс нега ушбу камчиликларни шу пайтгача ўрганиб чиқмади, нега ўз вакиллари орқали бундай ҳолатларни ўрганиб, муҳокама қилмади? Ҳатто узоқ туманлар билан исталган соатда видео орқали боғланиш мумкин бўлган шароитда «Вақтим бўлмади», деган баҳонага ўрин қолмади. Бундай раҳбарлар ҳам ўз виждони тарозисига бир қараб қўйса ёмон бўлмасди.
Тўғри, виждон қонуний ҳуқуққа эга эмас, бироқ атрофдаги аксарият муаммолар у ёки бу масалага дахлдор кишиларнинг виждонсизлиги туфайли содир бўляпти.
Демоқчиманки, жамият, давлат сиёсати хусусида хулоса айтишдан олдин ўз виждонингиз тарозисининг икки палласини диққат билан кузатинг, ўшанда адашмайсиз.