Фарзандингизга қачон китоб олиб берганингизни эслайсизми?

Бугун аксариятимиз мутолаа билан боғлиқ бир хил эътирозни гапиряпмиз - “ёшлар китоб ўқимайди, ўқимаяпти”. Лекин “барака топкир, олдин фарзандингга китоб олиб бер”, дейдиган одам кам.

Рост-да, қачон ўзимиздан айб қидиришни бошлаймиз? Фарзандимизга бир миллион сўмлик телефон олиб берамизу, ўн минг сўмлик китоб олишга ҳафсала қилмаймиз. Ўғлимиз ёки қизимизга “сериал кўрма” деймизу, уларнинг олдида телевизордан бошимизни кўтармаяпмиз.

Ҳатто фарзандининг синф раҳбари ким эканлигини билмаймиз. Айримларимиз йилда бир марта бўладиган ота-оналар мажлисига боришни ор биламиз. Яна “муаллимлар ўқитмайди”, деймиз. Нима, фарзандингиз дарсда иштирок этмаса, китоб ўқимаса, ўқитувчи айбдорми?

Кимдир ғўддайишни қойиллатади - “фарзандим тадбиркорлик қилиб, шунча пул топаяпти”. Пул топса бўлди, маънавияти, тарбияси билан ишимиз йўқми? Ёшлар орасида жиноятлар бўлаётгани тарбиясизлик, билимсизликнинг оқибати эмасми?

Тўғри, фарзандини китоб билан таъминлаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Лекин бу каби ота-оналарнинг озчиликни ташкил этиши ташвишланарли ҳол.

Тошпўлот ТЎҚБОЕВ,

Пайариқ туманидаги 31-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари.