Фестиваль-2021: СамВМИда энг иқтидорли ёшлар жамланди
Самарқанд ветеринария медицинаси институтида “Ёшлар фестивали - 2021” доирасидаги тадбирлар маданият, спорт, технологиялар ва таълим йўналишларида ташкил этилди.
Жумладан, аълочи, иқтидорли, салоҳиятли ва спортчи талаба-ёшларни рағбатлантирувчи “Мунозара - дебат”, биология фани бўйича "Вилоят ҳокими фан олимпиадаси”, спортнинг футбол тури бўйича мусобақалар бўлиб ўтди. Унда Самарқанд шаҳридаги 10 та ОТМлари жамоалари фаол иштирок этди.
“Сўз эркинлиги” ёшларга қандай имкониятларни тақдим этиши мумкин? Талабаларнинг аксарият қисми қизиқаётган замонавий йўналиш - блогерликда бу имкониятдан тўғри фойдаланиляптими?
Ёки ёш оилаларда ажримларнинг кўпаяётгани сабаби ижтимоий тармоқларми?
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг қайси жиҳатлари талаба-ёшларга маъқул ёки аксинча...
“Ёшлар фестивали” доирасидаги мунозара - дебатда бугун талаба-ёшлар шу каби муҳим мавзуларда баҳс-мунозаралар олиб борди.
Қизғин баҳсларда СамВМИ ёшлари биринчи ўринни, СамДАҚИ талабалари иккинчи ўринни, ТДИУ Самарқанд филиали жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Фестиваль доирасидаги тадбирларнинг яна бири – ОТМ жамоалари ўртасида ташкил этилган футбол мусобақасидир. Мусобақада олий таълим муассасаларининг 10 га яқин жамоалари ўз маҳоратларини намойиш қилди.
Узоқ давом этган беллашувларда таълим муассасаларининг спортчи ёшлари ғолиблик учун кураш олиб борди.
Гулчеҳра Бердиёрова.