Фейк: "Uzbekistan Airways" ҳаво кемасида бомба жойлашгани ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдирди

Хорижий ОАВларда "Минск – Тошкент" рейсини амалга ошираётган "Airbus A-320" самолёти "миналаштирилган" деган хабар тарқалди.

“Uzbekistan Airways” АЖ ахборот хизмати ушбу хабарга изоҳ берди.

Қайд этилишича, кеча, 11 апрель куни "Минск –Тошкент" йўналиши бўйича HY-710 рейси 15:39 (Тошкент вақти билан) Минск миллий аэропортидан жадвалга мувофиқ авиақатновни амалга оширишни бошлаган.

А320 ҳаво кемаси Россия ҳаво ҳудудида бўлган вақтда “Uzbekistan Airways” АЖ, шунингдек, Россия ва Белоруссия авиация хизматлари ходимларининг e-mail манзилларига аноним манзилдан ҳаво кемасида бомба жойлашгани ҳақида маълумот юборилган.

Ҳаво кемасининг йўловчилари ва экипаж аъзолари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида А320 ҳаво кемаси командири самолётни текшириш ва кўздан кечириш мақсадида энг яқин Домодедово халқаро аэропортига қўнишга қарор қилган.

Айни пайтда лайнер, йўловчилар, уларнинг юклари, юк ва почта белгиланган тартибда текширилди. Ҳаво кемасининг миналаштирилгани ҳақидаги маълумот тасдиқланмади.

"Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг "Минск – Тошкент" HY-710 рейси йўналиши бўйича ҳаракатланган А320 ҳаво кемаси бугун Тошкент вақти билан соат 01:26 да Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига муваффақиятли қўнишни амалга оширди.