Фикрлар инсон ҳаётини ўзгартирадими?
Ижобий фикрлаш - бу психологик тушунча, шахсий ривожланиш усули ва фойдали одат бўлиб, у ёрдамида инсон ўзининг психологик фаровонлик даражасини ошириши ва ҳаётини яхши томонга ўзгартириши мумкин.
Албатта, фикрлар моддий эканлиги, улар инсон келажагини шакллантириши ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Дунё бизнинг фикр ва сўзларимизга зийраклик билан жавоб бериши ҳақида ҳам жуда кўп айтилади.
Инсон тафаккурининг кучи ҳақида тажриба ўтказишни хоҳлайсизми?
Кун давомида фикрларингизни кузатиб боринг. Кўпинча нима ҳақида ўйлайсиз? Қийинчиликларга қандай муносабатда бўласиз? Агар арзимас нарсаларга ғазабланадиган бўлсангиз, ҳасад қилсангиз, одамлардан камчилик излаб салбий фикр юритадиган бўлсангиз, сизнинг фикр юргизишингиз самарасиз бўлиб чиқади. Тегишинча, сиз шунчаки ўз ҳаётингизни бошқаролмайсиз. Бошингиздаги негативлик нохуш ҳодисаларни ўзига тортади ва янги салбий тўлқинларни келтириб чиқаради ва ҳоказо.
Хўш, нима қилиш керак?
Ўзингизга ҳар қандай ҳодиса ҳатто салбий бўлса ҳам, сизни олдинга силжитиб, ривожланиш учун йўлакча очиб беради, деб ўйлашга рухсат беринг. Шунда қийинчиликлар муаммо бўлишда тўхтайди, улар сизнинг шахсиятингизга “жило берадиган” вазифаларни бажариш мажбуриятини олади. Аста-секин дунё сизнинг фикрларингизга жавоб қайтара бошлайди. Атрофингиз ўзгариб бориб, янги имкониятлар пайдо бўлиши ва кўнгилдагидек воқеалар содир бўлишини кузата бошлайсиз.
Ҳаётимизни нафақат фикрлар, сўзлар ҳам ўзгартиради
“Сўз ҳам ўлдиради, ҳам даволайди”, деб бежизга айтилмаган. Яхши сўзлар куч бағишлаши, салбий сўзлар эса “энергияни йўқотиши” экспериментал равишда исботланган.
Агар сиз кимдир билан баҳслашсангиз ёки у ҳақида ёмон ўйлаётган бўлсангиз, бу унинг энергия тизимига зарар етказиши учун етарли. Ҳатто ҳар қандай лаънатлар ҳам ишлатиш шарт эмас. “Сени кўришни хоҳламайман!” ёки “Сен билан гаплашишни хоҳламайман!” каби энг оддий сўзлар ёки ибораларнинг ўзи ҳам кифоя.
Яна бир муаммо - кундалик нутқда бировни ёрлиқлаш, ёки бирор киши ҳақида билиб-билмай ҳар хил гапларни гапириш ва танқид қилишдир. Буларнинг барчаси нафақат атрофингиздаги одамларни, балки биринчи навбатда сизнинг ўзингизни ҳам заифлаштиради. Бундан ташқари, ҳатто физиологик даражада, иммунитетнинг пасайишига қадар сиз вируслар ва микробларга қаршиликни йўқотасиз.
Мабодо айтиб қўйсангиз-у, сўнг афсуслансангиз, унда билингки, нутқингиз беҳудага кетди. Бирор нарса дейишдан олдин, яхшилаб ўйлаб кўринг, бу ҳақиқатан ҳам сизни атрофдагиларга яқинлаштирадими, айтган гапларингизнинг шакл ва мазмуни бирдамлик ва меҳр хазинасига тушадими?
Онгли яшашни ўрганинг
Кўпгина одамлар бошидаги ҳар бир фикрни назорат қилиш заруратидан қўрқишади. (Ортиқча бошни оғритиб ўтириш неврозга олиб келади, шундай эмасми?) Аслида эса бошқаларнинг сиз ҳақингизда нима деб ўйлашлари, нима эшитишни хоҳлашлари, доимо уларнинг диққат-эътиборида бўлиш ҳақида қайғуришингиз невроз ривожланишининг эҳтимолини купайтиради.
Ҳаётингизни сифат жиҳатидан яхшилашнинг энг оддий ва энг қулай усули бу онгли яшашдир. Албатта, ҳар кимда бу шахсий танлов масаласи. Барча нарсани борлигича қолдириш ёки ўзгартиришга мослашиш, охир-оқибат фикрлаш ва сўзлаш, ҳаётингиз учун масъулиятни зиммангизга олиш фақат ўзингизга боғлиқ.
Энди ўйлаб кўринг-чи, сизнинг бошингизда кўпинча қандай фикрлар юради? Фикрларингиз сифати ва ҳаётингиздаги воқеликлар ўртасидаги боғлиқликларни сезган бўлсангиз керак.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.