Фикрлашга ундовчи мақола

Бу ҳақда илгари фикрлаб кўрмаган эканман. Бугунги кунда чиндан ҳам одамларнинг қимматли вақтларини ўғирлаётган ҳар хил беҳуда гап-гаштаклар кўпайиб боряпти. Мақолада жуда тўғри таъкидланган, гап-гаштак бекорчиликдан вақтни ўтказиш, ғанимат дунёда ўйнаб-кулиб қолиш деб тушуниш учун эмас, дўсту ёрлар дийдорлашиб, ахлоқ-одоб, тарбия, мутолаа қилинган китоблар ҳақида таассуротлар баҳам кўриладиган, юртимизда рўй бераётган улуғвор ишлар, эзгулик, яхшиликдан баҳс-мунозара қилинадиган маънавий учрашув, суҳбат бўлиши керак.

Аммо биз буни унутиб қўймаяпмизми? Асосий ишларимиз қолиб, фойдасиз йиғинлар билан кунимиз ўтиб кетмаяптимикан? Қариндошларимдан бири бир ойда бешта гаштаги борлигини айтиб қолди. Синфдошлари, курсдошлари, қўшнилари, ҳамкасблари, эрининг синфдошлари хотинлари билан. Хуллас, мақтаниб, ҳаммасини бирма-бир санаб берди.
Америкалик машҳур ёзувчи Ог Мондина ўзининг "Яхши яшаш сири" китобида "…ҳеч қачон кун ва тунларингизни иккинчи даражали кераксиз нарсаларга сарфламанг, йўқса, ҳаётнинг асосий чақириғига жавоб беришга вақт топа олмай қоласиз", деганди.
Дам олиш куни эди. Шифохонада даволаниб келган қўшнимиз Самад бувадан ҳол-аҳвол сўрай деб йўқлаб чиқдим. Бир йигит бувани ўтиришга чақиргани келган экан.
– Афсуски, вақтим йўқ, ўғлим! – деди Самад бува. 
Йигит кетгач, бувага:

– Уйда зерикиб ўтиргандан кўра борақолсангиз бўларди, буважон, гурунглашиб келардингиз, – дедим.
– Э, она қизим, қанақа гурунг, – деди Самад бува хўрсиниб. – Аввалги гурунглар қаерда? Бир олам таассурот, бир олам панду насиҳат, ибрат олардик. Ҳозир-чи? На суҳбатнинг тайини бор, на мазмуни. Бўкиб ароқ ичиш-у, тутуруқсиз гаплар. Ундан кўра китоб ўқиб, уйда ўтирганим яхши!
Буваникидан чиқсам, бошқа қўшни хонадондан қизалоқнинг бўғилиб йиғлаётгани эшитилди. Эшикни тақиллатдим.
– Азиза, нима бўлди, нега йиғлаяпсан? Оч эшикни.
– Мен эмас, сингилчам йиғлаяпти. – Ичкаридан йиғламсираган овоз эшитилди. – Ойим устимиздан қулфлаб кетган. Холажон, илтимос, телефон қилинг, сингилчамни овута олмаяпман!

Шошиб ойисига қўнғироқ қилдим, аммо телефони ўчирилган экан.
– Ойинг қаерда? 
– Дугоналари билан ресторанга кетган.
Бундай воқеалар кўп бўлиб туради. Айтмоқчи бўлганим шуки, газетада одамларни мушоҳада юритиш ва фикрлашга ундайдиган бундай мақолалар кўпроқ берилишини истардим.

Озода АБДУСАМАТОВА.