Фирибгарлик ёки талон-торож учун судланганлар жамоат фонди очолмайди

Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасига кўра, давлат органлари мансабдор шахслари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Айни пайтда муҳокамага қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ҳамда Солиқ кодексига ННТларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратининг таъсирчанлиги ва самарадорлигини оширишга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Ҳужжат нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва маъмурий жарималарни қайта кўриб чиқиш бўйича бир қатор ўзгаришларни назарда тутади.

“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасида жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра тайёрланган якуний ҳужжатда баён этилган ахборот, тавсия ва таклифлар давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши ҳамда улар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилиниши белгиланган бўлса-да, якуний ҳужжатни кўриб чиқмаганлик учун жавобгарликка тортишнинг аниқ механизми ўрнатилмаган эди. Кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси билан жамоатчилик назоратининг натижалари бўйича тайёрланган якуний ҳужжатни давлат органи томонидан кўриб чиқиш мажбурияти ҳамда мазкур қонунчилик талабини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш кўзда тутилган. Бу эса ННТнинг ўз пировард мақсадларини амалга ошириш йўлида янада эркин ҳаракат қилишлари ва фаолиятлари давомида учраши мумкин бўлган айрим административ тўсиқларни бартараф этилишига хизмат қилади. 

Бундан кейин фирибгарлик ёки талон-торож учун судланганлар жамоат фондини очолмайди. Шу билан бирга ҳар бир грант ва лойиҳа ҳақида жамоатчиликка маълумот бериб борилади.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда фаолият юритаётган ННТлар ва фуқаролик жамияти институтларини қийнаётган муаммолар, қолаверса улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини бугунги кун талаблари доирасида айни пайтда қабул қилинаётган қонунчилик ташаббуси, десак бўлади.

Шунингдек, нодавлат ташкилотлар (диний ташкилотлар бундан мустасно), уларнинг ваколатхона ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритиши, рўйхатдан ўтмаган рамзий белгилардан фойдаланиш, тадбирлар ўтказиш ҳақида хабардор қилмаслик ёки қонунчиликда тақиқланган тадбирлар ўтказиш, пул маблағлари ва мол-мулкдан фойдаланиш тўғрисидаги ахборотни эълон қилмаслик учун амалдаги маъмурий жарима миқдорлари ўртача тўртдан бир қисмига камайтирилиши белгиланган.

Қонун лойиҳасида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг бир қатор моддалари хорижий манбалардан олинган пул маблағлари ва мол-мулкни ҳам ташкилотнинг молиявий манбасини шакллантириш омили сифатида киритиш ҳамда ундан фойдаланиш тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асосларини мустаҳкамлаш каби янги қоидалар билан тўлдирилмоқда.

Келгусида жойларда нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб қилган ҳолда қонун лойиҳасини муҳокама қилиш ва уни янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган таклифлар олиш режалаштирилган.

Таклиф этилаётган ушбу меъёрлар нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ташаббускорлиги ва фаоллигини таъминлаш – мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишга хизмат қилади.

Элёр Улуғмуродов,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Самарқанд ҳудудий бўлими раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.