Фитогельминтология фани мактабини яратган аллома
Самарқанд илмий муҳитида камол топган Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Аҳрор Тўлагановнинг серқирра илмий фаолияти таҳсинга сазовор.
Бўлажак биолог-олим Аҳрор Тўлаганов 1908 йил 23 сентябрда Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Дастлаб эски мактабда, кейин янги типдаги бошланғич мактабда таҳсил олган. Сўнгра Ўзбек маориф институтига кирган. 1926 йил институтни тугатиб, етим болалар уйида тарбиячи-ўқитувчи бўлиб иш бошлаган.
А.Тўлагановнинг Самарқанд шаҳри билан боғлиқ ҳаёти ва илмий-педагогик фаолияти 1927 йилдан бошланган. У шу йили Ўзбек педагогика институти (ҳозирги Самарқанд давлат университети) табиий фанлар факультети биология бўлимига ўқишга киради. 1931 йил ўқишни мувафаққиятли тугатгач, ўзи ўқиган факультетда зоология кафедраси ассистенти лавозимида ишлайди. Университетда ишлаш билан бир вақтда Санкт-Петербург зоология институтининг аспирантурасида ҳам таҳсил олиб, 1936 йилда ўзбек ёш биолог олимлари орасида биринчи бўлиб “Помидор ва унинг илдиз системаси атрофи тупроғининг нематодафаунаси” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади.
Ёш олимнинг эндигина шаклланаётган янги соҳада олиб борган тадқиқотлари Ўзбекистон иқлими шароитида ўсимликларнинг текинхўр (паразит) фитонематодаларини ўрганиш бўйича дастлабки тадқиқот иши эди. Олим фитогельминтология соҳасидаги тадқиқотларини давом эттириб, 1947 йилда Санкт-Петербургдаги Зоология институтида “Ўзбекистоннинг ўсимликхўр ва тупроқ нематодалари” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилади.
1948 йилда собиқ иттифоқнинг Олий аттестация комиссияси унга биология фанлари доктори илмий даражасини ва Тошкент давлат университети умуртқасиз ҳайвонлар зоологияси кафедраси профессори илмий унвонини беради. Олимнинг 1940-1948 йилларда амалга оширган тадқиқотлари ҳамда қўлга киритган илмий маълумотлари асосида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси нашриётида юқорида келтирилган мавзуда чоп этилган монографик асар ўша даврда нафақат Ўзбекистонда, балки иттифоқ миқёсида фитогельминтология соҳасида яратилган энг йирик илмий тадқиқот иши бўлди.
1950 йилда А.Тўлаганов “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби” унвонига сазовор бўлди.
1957 йилда профессор А.Тўлагановнинг ҳаёти, илмий-педагогик ва жамоатчилик фаолияти яна Самарқанд шаҳри билан боғланди. У Самарқанд давлат университетига ректор этиб тайинланди. Ташаббускор олим ректор сифатида ўқув жараёнини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ишларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди. Университетда ўнлаб янги кафедралар, мустақил география, кимё, чет тиллари каби факультетлар ташкил этди. Ўқув ва илмий тадқиқотлар базалари мустаҳкамланди.
Профессор А.Тўлаганов университет раҳбари бўлиши билан бир қаторда биология факультетида умуртқасизлар зоологияси кафедрасини ҳам бошқариб, ундаги илмий-тадқиқот ишларига бош-қош бўлди. 1959 йилда факультет қошида фитогельминтология муаммовий илмий-тадқиқот лабораториясини очди. Унинг бевосита иштироки ва раҳбарлигида лабораторияга иқтидорли ёшлар аспирантурага қабул қилинди.
1963 йилда Аҳрор Тўлаганович ТошДУга ишга ўтди. Домланинг раҳбарлиги ва бевосита иштирокида 1936 йилдан бошлаб 1980 йилгача Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги агроценозлари ва табиий биоценозлари нематодафаунаси ва паразит турларини ўрганиш учун 40 дан ортиқ илмий экспедициялар ўтказилиб, ушбу ҳудудларда етиштириладиган ғўза, картошка, сабзавот, полиз, цитрус, беда, каноп, бегона ва ёввойи ўсимликларнинг нематодафаунасини ўрганиш ҳамда улар таркибидаги паразит фитонематодаларини аниқлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу тадқиқот ишлари туфайли республиканинг турли шароитларида яшовчи нематодалар 700 турдан ортиқ эканлиги аниқланди.
Фитогельминтология соҳасида йирик ҳажмдаги ишларни амалга ошириб, республикада қишлоқ хўжалиги ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун А.Тўлаганов 1966 йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, кейинчалик (1982 йил) ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. Унинг раҳбарлигида Мирзачўлни комплекс ўрганиш бўйича уюштирилган илмий экспедиция тадқиқотлари асосида яратилган ”Ўзбекистон ўсимликлари нематодалари” монографияси 1974 йилда Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди.
А.Тўлагановнинг бой илмий мероси орасида “Ўзбекистоннинг ўсимликхўр ва тупроқ нематодалари”, “Ўзбекистон қишлоқ хўжалик ўсимликларининг нематодалари”, “Ўзбекистонда фитогельминтология масалалари”, “Ўзбекистоннинг фитонематодалари” каби йирик асарлари бор. Улар шу соҳада яратилган йирик фундаментал илмий-тадқиқот ишларидир. Домланинг кўп қиррали ҳаёт фаолияти, машҳур олим ва педагог сифатидаги хизматлари Ўзбекистон Республикасининг равнақи ва ривожига хизмат қилаётгани биз, шогирдларини қувонтиради.
Н.Ҳакимов,
Самарқанд давлат университети зоология кафедраси доценти.