Самарқандлик ўқувчилар мактаб таълимини Францияда давом эттиради

Шаҳардаги 43-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида француз тили чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. 2018 йилда мактабга француз тарихчи олими Люсен Керен номи берилган.

Бугун мазкур муассасада 1452 нафар ўқувчи рус ва ўзбек гуруҳларида таҳсил олади. Болаларга 1-синфдан француз тили ўргатилади.

- Мактабда 12 та синф француз тилига ихтисослашган, - дейди мактаб директори Гулноза Чўтбоева. – Бу синфларда француз тили ҳафтада 5 марта, оддий синфларда эса ҳафтада 3 марта ўқитилади. Мактабда 13 нафар француз тили ўқитувчиси бўлса, шундан 8 нафари чет тилини билиш бўйича С1, В2 ва миллий сертификатга эга. Ўқитувлардан Н.Часовских ва А.Куртова Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси «STEM фанларини француз тилида ўқитиш» грантини қўлга киритди ва яқинда Франция давлатида малака ошириб келди. Шунингдек, янги ўқув йилида мактабга Франциядан уч нафар ўқитувчи жалб қилдик. Улар айни пайтда ўқувчиларга француз тилидан дарс беряпти ҳамда ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатмоқда.

Ихтисослаштирилган мактаб замон талабига мос таъмирланиб, жиҳозланган. Ҳар бир хонада электрон доска, стол-стул, парта мавжуд.

- Мен 2020 йилда Францияда малака ошириб келганман, - дейди француз тили ўқитувчиси Маҳбуба Зайниева. – Француз тили бўйича халқаро ва миллий сертификатларим бор. 7-11-синфларга Франция томонидан дарсликлар берилган. Биз ўзимизнинг миллий дарсликларимиз ҳамда Франциядан келтирилган дарсликлар асосида ўқувчиларга сабоқ берамиз. Бугун 11-синф ўқувчиларининг 7 нафарида чет тилини билиш бўйича сертификат бор.

Ўтган ўқув йилида ушбу мактабни 67 нафар ўқувчи битириб, улардан 39 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Шунингдек, фан олимпиадаларида ҳам ўқувчилар вилоят босқичида фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Яқинда бўладиган фан олимпиадасининг вилоят босқичида 11-синф ўқувчиси Шаҳбоз Ғайбуллаев, 9-синф ўқувчиси Наталья Яшкиналар қатнашади.

Бундан ташқари, Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан «Француз тилида STEM фанларини (технология, муҳандислик ва математика) ўқитиш» лойиҳаси доирасида мактаб директорларидан иборат делегация 15-21 октябрь кунлари Ница шаҳрида бўлиб қайтди.

- Францияда лицей, коллежлардаги таълим тизими билан танишдик, - дейди мактаб директори. – Бизда таълим 7 ёшдан бошланса, Францияда 3 ёшдан, яъни боғчадан бошланар экан. Болаларнинг боғчага бориши мажбурий ҳисобланаркан. Ўқувчилар мактабни битириб, ихтисослик бўйича лицейда ўқийди. Олий таълим муассасалари ўз талабаларини имтиҳонсиз лицейдан танлаб оларкан. Франция мактабларида қозоғистонлик ўқувчилар таълим олишмоқда. Биз ҳам ўз ўқувчиларимизни Францияда ўқитиш таклифини бердик. Режаларимиз амалга ошса, яқин келажакда ўқувчиларимиз Францияда таълим олиши мумкин.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.