Фуқаронинг карантин даврида ишлатмоқчи бўлган пулини ўғри урди
Зафаржон бундан аввал ҳам бир неча бор жиноятга қўл урган. Шунинг учун уни суд хавфли жиноятчи, деб топган. Қилиғини қўймаган Зафаржон 2020 йил 9 март куни ишлаш мақсадида Самарқанд шаҳрига бориш учун яшаш манзили - Нарпай туманидан йўлга чиқади. Енгил автотранспорт воситасида Оқдарё тумани Тараққиёт маҳалласи ҳудудига етганда, ҳайдовчи автамашинасига ёқилғи қуйиш учун АЁҚШга тўхтайди. Шу ерда Зафаржон ишлаб топгандан кўра, ўғирлаб топган осонроқ, деган хаёлга келади.
Синчковлик билан ён-атрофни кузатади ва мақсади сари биринчи қадамларни ташлайди. Бу манзилгача келган хайдовчига йўл кирани бериб, шу яқин атрофдаги уйлар томон йўл олди. Оқдарё тумани Тараққиёт маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли, Найманча массиви ҳудудида истиқомат қилувчи И.Д.нинг уйи Зафаржонинг эътиборини тортди. Уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, хонадон ичкарисига яширин равишда киради ва жами баҳоси 18.800.000 сўмлик мол-мулкларни яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинади.
Кўп ўтмай, бу ўғирлик Зафаржон томонидан амалга оширилганлиги маълум бўлади. Ушланган ўғри тергов қилинди. Зафаржон қилган айбига тўлиқ иқрор бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Оқдарё тумани судида видеоконференция тарзида ўтказилган судда томонларнинг фикрлари гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди. Жабрланувчи И.Д. қиммматбаҳо буюмлари йўқолганини ҳамда карантин даврида керак бўлади, деб жамғариб қўйган пуллари ўғирланганлигини билдирди. Судланувчи эса қилган қилмишига тўлиқ иқрорлик билдирди. Суд Зафаржонга ўталмай қолган жазо муддатларини қисман қўшиш йўли билан Жиноят қодексининг тегишли моддаларига асосан узил-кесил ўташлик учун 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
И.ДОНИЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича Оқдарё тумани суди раиси.