Футбол: Ерёнғоқ сотувчисига "қизил карточка"
Футбол ҳаками Матье Францияда ўйиндан сўнг аламзада ишқибозлардан қўрқмай стадионни хотиржам тарк этган ягона арбитр бўлса керак. Гап шундаки, жаноб Матьенинг шахсий тансоқчиси полиция мактабларидан бирида дзюдодан дарс берувчи аёл эди. Стадион дарвозасида энг ашаддий футбол ишқибози ҳам ҳакам ёнида уни кўргач ювош бўлиб қоларди.
***
Англиянинг «Брэдфорд» футбол клуби ишқибозлари ўз жамоаларини ёмон қўллаб-қувватлашарди. Клуб раҳбарияти муаммони ўрганишга қарор қилди. Тадқиқотдан шу нарса маълум бўлдики, ўйин чоғида минбардаги ишқибозлар ерёнғоқ сотувчи билан овора бўлиб ҳайқиришни унутишар экан. Дарҳол ишқибозларни ўйиндан чалғитган ерёнғоқ сотиш тақиқланди.
***
Германиянинг «Байер» футбол клуби президенти 60 ёшли Вилгельм Нойдекер невараси Маркус туғилганда унга ва оила аъзоларига клуб ўйинларини бир умр томоша қилиш учун абонемент солинган гулдаста тақдим этди.
***
Бир пайтлар Англияда футбол ишқибозларининг хулқ-атвори жиддий муаммога айланганди. Ўшанда мамлакат футбол федерацияси президенти «Агар яқин орада биз ўйинларни ишқибозларсиз ўтказиш ҳақида қарор қилсак ажабланмайман» дея баёнот берганди. Лекин бундай бўлмади. Ўйинларни ёпиқ стадионларда ишқибозларсиз ўтказишга бугун коронавирус пандемияси мажбур этди.
«Футбол калейдоскоп»идан Т.Мурод тайёрлади.