Футболга ихтисослашган янги телеканал очилади
Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1 июнига қадар футболга ихтисослашган янги телеканал очилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Футбол-таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келадиган футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланди.
Унга кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси тизимида қуйидагилар ташкил этилади:
— Миллий футбол маркази;
— Футбол бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби негизида Футбол терма жамоалари тайёргарлик маркази;
— спорт тиббиёти ва реабилитация маркази.
Шунингдек, Футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш маркази Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази этиб, Республика болалар ва ўсмирлар футбол академияси Республика футбол академияси этиб қайта номланади.
2024 йил сентябрда Ўзбекистонда футзал бўйича Жаҳон чемпионати ўтказилиши муносабати билан ҳудудларда футзал жамоалари ташкил этилади, шу жумладан, профессионал футбол клублари ҳузуридаги футзал бўйича асосий, ёшлар ва аёллар жамоалари фаолияти йўлга қўйилади.
2024 йил 1 январдан профессионал футболдаги фаолиятини якунлаган футболчи ва мутахассисларга Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ижобий хулосаси асосида уларнинг хусусий секторда амалга оширадиган футболни ривожлантириш лойиҳалари учун миллий валютада 1,5 миллиард сўмгача 5 йилдан кам бўлмаган муддатга имтиёзли кредит ажратилади.
Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот марказида «футбол тренери», «футбол ҳаками», «футбол таҳлилчиси», «футбол селекционери» (скаут), «спорт психологи», «футбол менежери», «футбол маркетологи» каби мутахассисликларга ўқитиш йўлга қўйилади.
2024/2025-ўқув йилидан Тошкент тиббиёт академиясининг Чирчиқ филиалида «спорт шифокори», «спорт диетологи», «спорт фармакологи» билан бирга «спорт психологи» мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланади.
2024 йил 1 мартгача республикадаги барча стадион ва футбол майдонларининг ягона электрон реестри ишлаб чиқилади.