Гастрономияда эмас, астрономияда рекорд қўйиш вақти келди

Молиявий ахборотлар бўйича етакчи компания Bloombergнинг маълумотига кўра, Жанубий Корея, Швеция ва Германия давлатлари юқори инновацион технологиялар бўйича кучли учликни забт этди. Нанотехнологиялар, информатика, физика ва кимё соҳасидаги мисли кўрилмаган ютуқлар – сунъий интеллект, виртуал борлиқ, яна қатор ақлбовар қилмас гажетлар яратилишига сабаб бўлмоқда.
Яқинда газетада дунёдаги машҳур «Volvo Group» корпорациясида самарқандлик Шерзод Жалиловнинг молиявий мутахассис бўлиб ишлаётганлиги ҳақида ўқиб қолдим. Қизиқ ва ўрнак оларли факт: «Volvo Group»нинг Польша бўлинмасида молиявий назорат бўлими мутахассиси, Тошкент молия институти молия-иқтисодиёт факультетини ва Вроцлав давлат университети (Польша) иқтисодиёт факультети магистратурасини аъло баҳоларга тамомлаган ўзбекистонлик йигитнинг айтишича, болалигидан илм-фан ва технологияларга қизиққан. Ҳозирда Ўзбекистонга қайтиб, инновацияларни жорий этиш орқали иқтисодиётни ривожлантиришни орзу қилади.


Қорақалпоғистонлик йигит Азиз Муртазоев Жанубий Кореяда таҳсил олгач, иш фаолиятини дунёнинг гигант корхоналаридан бири «Samsung»да бошлади. У айни пайтда машҳур «Facebook» компаниясида ишламоқда. Жаҳоннинг автогиганти "Volvo" корпорациясининг ёки йирик ижтимоий тармоқ – «Facebook» компаниясининг мутахассис сифатида ўзбек фарзандининг билимларига эҳтиёж сезиши, шунингдек, минглаб даъвогарлар орасидан айнан ўзбекистонликларнинг танлаб олиниши оддий ҳодиса эмас. Замонавий ёшлар ҳозирги кунда айнан шунақа ишни орзу қилади.
Ўзбекистонлик ёшларнинг юксак технологиялар тармоғи ривожида иштироки мамлакатимиздан ҳам беқиёс иқтидор эгалари етишиб чиқишига, давлатимиз илм-фан ва тараққиёт чўққисига чиқишига ишонишга асос бўлади. Бунга ғояларни тўплаш учун қулай муҳит, ноанъанавий фикр юритишнинг янги босқичига чиқиш имкони бериш керак, холос. Шерзод ва Азиз илк қалдирғочлардир, ҳали юртимиздан довруғи оламга кетадиган минглаб олиму фузалолар етишиб чиқади. Ана шундай орзу-умидлар, кўтаринки кайфият билан интернет саҳифаларини варақлар эканман, катта қозон ва турли егуликлар билан безалган сарлавҳага кўзим тушди: "Энди 9 тонна палов тайёрлаб, жаҳон рекордини янгилаймиз!".


Ана холос! 
Ўтган йили 8 тонналик палов тайёрланиб, жаҳон рекорди қўйилди. Бу ҳақда ғурурланиб гапирилди. Шов-шувлардан илҳомланган бир гастрономик фирма "4 метр баландликда шавурма тайёрлаймиз", деб овоза қилди ва бунинг уддасидан чиқди. Орадан бир ой ўтиб-ўтмай, вилоятлардан акс-садо келди: "Биз 2 тонналик шўрва тайёрлаб, дунёни лол қолдирамиз!".
Қанийди, давлат ва нодавлат тузилмалар томонидан тарғиб этилаётган маънавий-маърифий дастурларни бажариш ҳам ана шундай, тез, сифатли амалий натижаларини берса?! Хўрак илинжида ликопча кўтариб боргани, узундан-узун навбат ва тартибсиз талашда урингани каби китоб учун зиё учун талашишса?! Минг надоматлар бўлсинким, бизда эзгу мақсадлар, фарзандлар камоли учун тузилаётган дастурлар ижроси қуруққина, етмай турган маблағ рўкач қилиниб, ҳисобот шаклида қуйидан юқорига бориб келаверади.
Бу энди сир эмас. Илм-фан, янги технологиялар, ихтиро ва яратувчанлик бўйича оммавий тадбирлар, реклама компаниялари ўтказилганда, эҳтимол, нафақат Тошкентда, балки бошқа вилоятларда ҳам бунинг акс-садоси кўринар эди. Балки ёш олим-ихтирочилар, даҳолар етишиб чиққан бўлармиди..


Қорин ғами ҳақида гапирганда Маҳмудҳўжа Беҳбудийнинг бундан юз йил олдин 1915 йилда "Ойна" журналида "Бизни кемиргувчи иллатлар" сарлавҳали мақоласида "Миллат ошқозон ҳақида эмас, тараққий ва ирфон ҳақида ўйласин", деган сўзларини эслаш муҳимдир. Бир аср ўтибдики, афсуски, ҳанузгача овқат масаласи ихтиролар, техника тараққиёти хусусидаги фикрлар ўрнини эгаллаб олмоқда. Телевизорни қайси каналига қараманг, қўшиқчилар(!) ёки халқ ардоғида бўлган бирор санъаткор чиқиб, овқат пиширишни ўргатади. Маҳалла ёки гузарга қайси тадбирга борманг, мавзу ошга бориб тақалади. 
Гасрономия муваффақиятларидаги сархушликдан воз кечиш, калорияли таомларни тановул этиш мешдай қоринни, турли хасталикларни қўзғаши мумкинлиги тўғрисида гапириш вақти келди. Суҳбат-анжуманлар мавзусини катта дошқозонларда овқат пишириб, қорин тўйдиришга қаратишни бас қилмас эканмиз, тараққиёт гарови – илм ва изланишларга шайланган мияларимиз ўз қувватини ҳазми таомга бағишлайверади. 
Инновациялар ривожи иқтисодий ўсишнинг муҳим калитидир. Буни сезиб турибмиз. Ўз атрофини ҳис қилиш, англай билиш эса зукко инсонни кераксиз матоҳдан ҳам ҳаёт учун зарур кашфиётни яратишига олиб келади.
Меъдани тўқ тутиш меъёрида бўлса, илм билан шуғулланишга кифоя қилади. Айни дамда яратувчанлик, инновацион янгиликларга нисбатан ташна бўлиб яшамоқ муҳимроқ вазифадир.