Гавайида отилган вулқон осмондан қимматбаҳо тошлар ёғдирди

Яқинда Гавайи оролларида ноёб ва жуда қизиқарли воқеа бўлди. Маҳаллий аҳоли тўғридан-тўғри осмондан тушган ҳар хил ўлчамдаги яшил кристалларни топиб олаётганлиги ҳақида хабар тарқалди.

Маълум бўлишича, бу тошлар қимматбаҳо. Ҳодиса Килауэа вулқонининг отилиши туфайли содир бўлган. Бу ҳолат бир неча кун давом этди.

Маҳаллий аҳоли вулқон отилишидан хурсанд. Улар қотиб қолган кичик яшил марваридларни лава бўлакларидан топиб оляпти, баъзида эса кристаллар ўзининг асл шаклида том маънода уларнинг бошига тушяпти. Баъзи бир жойлар ёмғирдан кейин бўлгани каби шундоққина қимматабаҳо тошлар билан қопланганлиги ҳақида далиллар бор. Ушбу тиниқ кристаллар қимматбаҳо хризолитнинг бир туридир.

Геологлар лавада кўпинча ҳар қандай тошлар учраб туришини ва ушбу ҳодисада ғайриоддийлик йўқлигини таъкидлашади. Оролларда ишлайдиган мутахассислар, хризолитдан ташқари аҳолига бошқа тош - оливинни топиш омадли бўлиши мумкинлигини таъкидладилар. У кўпинча тез совийдиган лава кўпиктош (пемза)да учрайди. Ҳозирда бу лава қисмлари бутун минтақа бўйлаб тарқалган.

Шуни қўшимча қилиш керакки, оливин вулқон отилиб чиқадиган жойларга жуда кенг тарқалган минерал ҳисобланади. Гавайи оролларида ҳатто оливин қуми билан тўла пляжлар ҳам бор. Бундай олганда, хризолит ҳам оливиннинг бир шаффоф тури. Бу тошлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар тоифасига киради. Қимматбаҳо тошлар вулқон отилиши пайтида эмас, балки ушбу ҳодисадан анча олдин пайдо бўлган.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.