Газетанинг ташриф қоғози

Яқинда зиёлилар даврасида ўқимишли киши ўтирганларга қўлидаги газетани кўрсатиб, "Қаранг, "Кўрганинг эмас, еганинг сеники!". Сарлавҳани ниҳоятда чиройли, кўринарли қилиб беришибди. Сарлавҳа газетанинг пардози-да!"деди. Эҳтимол, бу гапда ҳам жон бордир, камина шу соҳанинг одами бўлганим учун бу сафар айнан сарлавҳалар ҳақидаги хулосаларим билан ўртоқлашгим келди.

Аввало, мақола мазмуни сарлавҳада бўй кўрсатиши керак. Бу мезонни миллий матбуотимизга тамал тошини қўйган жадидларимиз – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Саидризо Ализода, Ҳожи Муинлар ўз мақолаларида акс эттирганлар. Масалан, 1913-1919 йилларда “Самарқанд”, “Ҳуррият”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Иштирокиюн” газеталари, “Ойина” журналида юқорида номлари келтирилган маърифатпарвар боболаримиз имзоси билан чоп этилган “Сарт сўзи мажҳулдир”, “Тиётр надур?”, “Ҳақиқат ҳар тарафдан зуҳур этар”, “Тилимиз”, Фарзанд тарбияси”, “Самарқандда матбуот аҳволи” каби мақолалар мазмуни уларнинг сарлавҳасидаёқ сезилиб турган.

Устоз журналист Аҳмаджон Мухторовнинг "Газета - ақл қайроғи, тафаккур чироғи, ижод  қаймоғи, юрак қийноғи" деган нақлсифат ибораси ўз даврида ҳамкасблар учун шиор эди. Бош муҳаррир бу гапига, аввало, ўзи амал қиларди. Мабодо қўлига бетакрор, чиройли сарлавҳали мақола тушиб қолса, вёрсткани бузиб бўлса ҳам ўшани қўйишга интиларди. Ва ҳаракатини “Биласизларми, муаллиф мақола ёзишга ҳам,сарлавҳа топишга ҳам бирдек куч сарфлаган”, деб изоҳларди. Ҳар галги летучкада гапни газетанинг янги сонидаги мақолалар сарлавҳаларини таҳлилқилишдан бошларди. Ундан кейин Марди Нуриддинов, Ҳабиб Темиров бош муҳаррир бўлганда ҳам бундай муносабат давом этди. Негаки, бу усул  Самарқанд журналистика мактабида йиллар давомида  шаклланганди.

Яшириб нима қиламиз, бугун бирорта нашрда "Пленум бўлиб ўтди", "Вилоят кенгаши сессияси", "Ҳашар уюштирилди", "Ҳамшаҳримиз ғолиб", "Мева-чева кўпаяди", "Мактабда Навоий эсланди", "Тақдимот ўтказилди" каби сарлавҳалар қўйилса, у нафақат ўқувчи асабига тегади, балки шу нашр ходимлари малакасизлигини ҳам кўрсатади. Мамлакатдаги янги ижтимоий-сиёсий вазият, очиқлик ва ижтимоий тармоқлар айрим газетачиларга сарлавҳа қўйишда маҳоратдан ташқари жасорат ва билим ҳам кераклигини эслатди. Шу сабабли кейинги 5-6 йил ичида вақтли матбуотдаги сарлавҳаларга "жон" кирди. Хусусан, сиёсий партиялар ўртасида бўлиб ўтган баҳслар чоғида сарлавҳадаги ҳар бир сўзни, ҳатто тиниш белгиларини қўйиш учун ҳам изланишга, қонунларни ўрганишга, ўзбек халқ мақолларини қайта-қайта ўқишга тўғри келди. Натижада диққатни тортадигангина эмас, мақола  моҳиятини аниқ очиб берадиган сарлавҳалар юзага келди. Фикримнинг исботи учун улардан айримларини эслатиб ўтсам:“Фаол депутатларсиз демократия бўлмайди” (“Ўзбекистон овози”), Халқ юрагига йўл унинг дардига дармон бўлишдан бошланади” (“Адолат”), “Кўнгилларга қулоқ тутайлик” (“XXI аср”), “Эзгу ишлар рўёбига нима халал бермоқда?” (“Миллий тикланиш”), “Тақиқ эмас, муқобил ечимлар керак” (Оила ва табиат”).

Дарҳақиқат, сарлавҳани бир нафасда ёки бир кўз югуртиришда ўқишга улгурмаса, ўқувчининг ҳафсаласи пир бўлади, газетани шунчаки варақлаб қўя қолади.

Сарлавҳа танлашда тил имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳам маҳорат талаб қилади. Вақт ўтгани сайин мақола ёзиш ва унинг сарлавҳасини танлашга бўлган талаб ҳам ўзгариб бораверади. Бунда газетхон эҳтиёжи ва талаби асосий ўрин тутади.

Сарлавҳанинг ўзбек халқ мақолларидан, ибораларидан олиниши унинг саводлилигини, эътиборни тортишини таъминлайди. Йиллар давомида шууримизда шаклланган бу тушунчалар ўқувчида шундай мақолаларни мутолаа қилишга қизиқиш уйғотади. Мисол учун, "Зарафшон" газетасида шу йил ичида берилган айрим сарлавҳаларни  келтириб ўтсам: "Қуш уясида кўрганини қилади" (20-сон), "Илмсиз бир яшар, илмли минг яшар" (20-сон), "Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ" (19-сон), "Олим бўлсанг - олам сеники"(16-сон), “Уйдаги тарбия кўчада кўринади” (21-сон).

Илгари ҳар бир раҳбарнинг иш столида "Ўзбек халқ мақоллари" рисоласи турарди. Худди шундай, бош муҳаррир столида ҳам. Аҳмаджон Ғуломович уни варақлаб турганини кўп бор кўрганман. Энди-чи? Камина бу хил рисолани нафақат муҳаррирлар, ҳатто айрим тилшунос олимлар қўлида ҳам кўрмаяпман. Яқинда Тошкентдаги китоб дўконларини ахтариб, мақоллар китобини топа олмадим.

Сарлавҳанинг яна бир нозик жиҳатини эслатиб ўтмоқчиман.

Айтайлик, газетада "Боғлар кенгаяди"  сарлавҳали мақола босилди. Унда Боғолон қишлоғидаги мавжуд боғ икки гектарга кенгайтирилгани ҳақида ахборот берилган. Лекин кўриниб турибдики, сарлавҳа умумий бўлиб қолган. Агар уни "Боғолон боғи икки гектарга кенгаяди" деб қўйсак-чи? Бу ҳолда сарлавҳага иккита маълумот сингдирилади. "Кўчага сув келди"," Қишлоқ ободонлашди", "Янги мактаб", "Қарз ундирилди"  каби сарлавҳалар ҳам юқоридаги сингари бойитилса, биринчидан, муаллиф мақсади ойдинлашади, иккинчидан, мақоланинг ўқишлилиги ошади, учинчидан, у эътиборни тортади.

Аслида одамлар газетани ўз ҳаётлари, фаолиятларига оид саволларга жавоб топиш учун ўқишади. Сарлавҳага муайян саволнинг қўйилиши ўқувчи кўнглидаги ўйга мос келса, у ўзи қизиқиб юрган саволга жавобни излайди. Жумладан,"Биз кимларга ҳайкал қўйдик?" ("Ҳуррият"), "Гугурт қутисида нечта чўп бор?", "Газ ҳисоблагичлар нега "ухлаб" қоляпти?", "Ёшлар нега оила қуришни исташмаяпти?" ("Ишонч"), "Бизнесга оида қайси фикр хато?" ("ХХI аср"), "Эркатой ҳайдовчиларни тийиб қўйиш вақти келмадимикин?" ("Адолат"каби сарлавҳали мақолаларни ўқувчи иштиёқ билан мутолаа қилишига ишонаман. Чунки улар бу саволлар атрофида ўз нуқтаи назарларини ҳам аниқлаб оладилар.

Савол тариқасида қўйиладиган баъзи сарлавҳаларда эса давр ёки қонун, миллий менталитет талаби эслатиб ўтилади. Бу ҳам яхши усул. Мисол учун, "Осмондаги Ой эмас,  саволга жавоб, таклифга муносабат керак", "Тил йўқолса, миллат йўқолади" ("Ўзбекистон овози"), "Битирувчи учун кафолатланган биринчи иш жойи керак", "Бургутни какликка айлантирмайлик" ("Адолат"), "Исм таваккалига танланмаслиги керак" ("Миллий тикланиш"). Бундай сарлавҳалар нафақат партия электоратини, балки жамиятнинг ҳар бир аъзосини ҳушёр торттириши табиий.

Тўғри, сарлавҳа топишда маҳоратни ишга солиш, кўп манбаларни қараш, муҳими, ўзигахосликка интилиш шарт. Аммо  бу борада ўқувчи савияси ва дидини унутмаслик зарур. Мен бу гапларни бежиз айтмаяпман. Бир пайтлар матбуот нашрларида "Илон ютган одам", "Туя минган чавандоз", "Тилнинг тилими" каби сарлавҳалар билан мақолалар чиққанида зиёлилар ўртасида жуда кўп мулоҳазалар юзага келганди. Ҳақиқатан ҳам, илон одамни ютганми ёки одам илонни? Чавандоз туя ҳам минадими? Тилнинг тилими нима ўзи? Демоқчиманки, ҳар бир сарлавҳа, аввало, муштарийга тушунарли ва давр руҳига муносиб бўлсин, муаллифнинг айтмоқчи бўлган гапига мос тушсин.

Бир қарашда, сарлавҳа қўйиш газетачиликдаги ўнта вазифанинг  биттасидек кўринади. Аслида бундай эмас, мақола ёзиш сарлавҳа  қўйишдан бошланади. Сарлавҳа ўзида  нафақат ижодкор маҳоратини, балки жамиятдаги муҳитни ҳам акс эттиради. Қолаверса, мутахассислар тарихни яратишда, уни қоғозга туширишда, энг аввало, матбуот нашрларидаги сарлавҳаларга асосланади. Шуни ҳисобга олиб, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети олимлари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бу борадаги тажрибалар ҳақида ихчам қўлланмалар яратса, имкони бўлганда, журналистлар иштирокида ўқув машғулотлари ёки мунозаралар уюштирса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Энди сўзимнинг ибтидосидаги фикрга тўхталсак. Умуман, газетадаги  ҳар бир белги пардоз саналади. Жумладан, сарлавҳа ҳам. Бироқ сарлавҳа, назаримда, пардоздан кўра кўпроқ муаллифнинг ташриф қоғозига, таҳририят савиясининг меъёрига ўхшаб туюлди. Сиз нима дейсиз, азиз ҳамкасблар!

Фармон ТОШЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

(“Ishonch” газетасининг 2025 йил 25 февраль, 25-сонидан олинди).