General Motors компанияси Ўзбекистонга тиббий ускуналар юборди

Бугун, 27 апрель куни General Motors компанияси ҳамда Кореянинг автомобиль бутловчи қисмларини етказиб берувчи корхоналари томонидан коронавирусга қарши курашишни қўллаб-қувватлаш мақсадида гуманитар ёрдам сифатида ҳадя қилинган 2 миллиард сўмлик тиббий ускуналар Кореядан келтирилди.

Ўзбекистонга 36 та кардиомонитор ва 25 портатив ультратовушли сканерларни етказиб бериш «Ўзавтосаноат»нинг ҳамкори бўлган General Motors компанияси ҳамда Кореянинг автомобиль бутловчи қисмларини етказиб берувчи корхоналарининг ташаббуси билан амалга оширилди.

«Бу GM ва кореялик бутловчи қисмларни етказиб берувчиларнинг ёрдами. Умид қиламизки, бу Ўзбекистонда инсон учун бебаҳо саналган ҳаётни сақлаб қолишга ёрдам беради. Ушбу хавфли вирусга қарши курашда сизга энг яхши тилакларни тилаймиз» дейилади General Motors компаниясининг хабарида.

«Ўзавтосаноат» General Motors компанияси ва Кореянинг автомобиль бутловчи қисмлари етказиб берувчиларига мазкур ташаббус ва қўллаб-қувватлаганлик учун миннатдорлик изҳор қилади.