Германия фуқаролигини олиш осонлашади
Германияда яшовчи хорижликлар келажакда бу давлат фуқаролигини осонроқ ва тезроқ олишлари мумкин бўлади.
DW нашрига кўра, кеча, 23 август куни федерал ҳукумат Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер тақдим этган қонун лойиҳасини маъқуллаган бўлиб, у нафақат номзодларга қўйиладиган талабларни камайтиради, балки бир нечта фуқароликка ҳам рухсат беради. Бироқ, иқтисодий ва демократик интеграция шартлари фуқароликка қабул қилиш учун ҳамон амал қилади.
Бундестаг ҳали маъқулламаган янги қонунга кўра, Германия паспортини Германияда 5 йил яшагандан сўнг (ҳозирги 8 йил ўрнига) ва “махсус интеграция ютуқлари” ҳолатида ҳатто уч (ҳозирги 6) йилдан кейин олиш мумкин бўлади. Бундай ютуқларга немис тилини яхши билиш, кўнгиллилар фаолиятида фаол иштирок этиш ёки юқори касбий фазилатлар киради.
Бундан ташқари, фуқароликка даъвогарлар ўз давлати паспортидан воз кечиши шарт бўлмайди. Илгари бошқа фуқароликни сақлаб қолиш фақат истисно ҳолларда рухсат берилган ва кўпинча қизғин ички сиёсий тортишувлар мавзусига айланган.
Ислоҳотлар орқали федерал ҳукумат, бошқа нарсалар қатори, Германияни малакали ишчилар учун янада жозибадор қилишни мақсад қилган.