Германия, Нидерландия, Франция табиий аномалия ҳукмида

Германиянинг шимолига кучли қор ва музли ёмғир ёпирилди. Шамолнинг тезлиги соатига 80 километрга етмоқда. Кўплаб автомобиль йўллари ёпилди, кеча тунда 220 дан ортиқ автоҳалокат рўй берди, 28 киши оғир жароҳат олди.

Расмийлар фуқароларни ўз уйларини заруратсиз тарк этмасликка, иложи борича транспорт воситасини ҳайдамасликка чақирмоқда. Мюнстерда кўп миқдорли қор туфайли жамоат транспорти бутунлай тўхтаб қолди, ҳатто қутқарув хизматлари транспорти ҳам ҳаракат қилолмаяпти.

"Бунга "фалокат" атамаси жуда мос келади. Йўлнинг бунақа ҳолатини ҳеч кўрмаганман. Қор остида қалин муз қатлами. Биз ишни қаердан бошлаш ва қандай тугатишни билмаймиз. Автомобиллар қияликларда, тўхташ жойларида, чорраҳалар ўртасида тўхтаган ва ҳатто қишки шиналар ҳам ёрдам бермаяпти", дейди FDAC шошилинч авария хизмати ходими Килиан Нордбах.

Қўшни Нидерландия ҳам стихия ҳукми остида. Германия билан темир йўл алоқаси бутунлай узилиб қолган. Мамлакатни қор билан қоплаганлиги сабабли ҳукумат коронавирус бўйича ҳафталик учрашувни бекор қилиб, транспорт алоқаларини бутунлай тўхтамаслиги ва бошқа фавқулодда чораларни кўрмоқда.

Табиий офат Францияга ҳам устма-уст ёпирилди. Мамлакатнинг бир нечта минтақаларига зарар етказаётган тошқинлар тўхтамаяпти. Парижнинг Сена дарёси қирғоқларини беш кундан бери сув босмоқда. Жануби-ғарбий қисмидаги Гаронна ва Шарента қирғоқларидан тошиб чиқди, сув тошқини тўхтамаяпти.

Г.Холдорова тайёрлади.