"Гиннеснинг рекордлар китоби"га кирган ҳайвонлар ҳақида эшитганмисиз?
"Гиннеснинг рекордлар китоби" баъзан жуда жиддий, баъзида эса жуда ғалати ва кулгили ютуқларни ўзи ичига олган “каталог”дир. Бундан ташқари, рекордлар нафақат одамлар, балки ҳайвонлар томонидан ҳам ўрнатилади. Аниқки, улар баъзи одамлар каби шуҳратпарастлик орқасидан қувмасдан шундоққина ушбу китобдан жой олган.
Рекордлар китобига киритилган сигирлар
Наслдор қорамол - Рани дунёдаги энг кичик сигир сифатида тан олинган. Унинг қисқагина умри Бангладешда ўтган. Жажжи сигирчанинг фотосурати ижтимоий тармоқларда тарқалгач, минглаб қизиқувчан сайёҳлар ажойиб мавжудотни кўришга кела бошлаган. Афсуски, Рани узоқ умр кўрмади, у 2 ёшида оламдан ўтди. Эҳтимол, унинг ўлими танасидаги камчиликлар билан боғлиқдир.
Ранининг бўйи бор-йўғи 51 сантиметр эди, бу аввалги рекордчи саналган бўйи 80 сантиметр бўлган Буюк Британиядаги Своллоу лақабли сигирникидан сезиларли даражада паст эди. Своллоу 11 йил яшаб, 9 бузоқчани дунёга келтирди.
Доннето дунёдаги энг катта ҳўкиз сифатида тан олинган. У ўтган асрнинг ўрталарида Швейцарияда яшаган ва замондошларининг гувоҳликларига кўра унда тажовузкорликдан асар ҳам йўқ, аксинча у жуда меҳрибон бўлган. Доннетонинг бўйи 1 метр 90 сантиметр, вазни эса 2 тонна атрофида юк босган.
Рекордчи мушук
"Гиннеснинг рекордлар китоби"да бир неча рекорд ўрнатган мушуклар ҳам бор. Улардан бири Смокки исмли мушук расман “дунёдаги энг баланд овозли мушук” сифатида тан олинган.
Смокки оддий мушукларга қараганда 4 баравар баландроқ хириллайди. Овоз баландлигини ўлчайдиган махсус асбоб Смокки Боинг-737 самолёти яқинлашганда пайдо бўладиган шовқин даражаси билан тенг 92 дБ (децибель) товуш чиқаришини кўрсатди. Бу мушукнинг эгаларига у билан бирга яшаш унчалик осон бўлмаса керак.
Рекордчи итлар
2010 йилда қайд этилган рекордга кўра, дунёдаги энг катта Жорж лақабли кўк итнинг бўйи 1,10 метр, танасининг узунлиги 2,21 метр, вазни 110 килограммга тенг бўлган. Бу ҳайвон уч йил яшаган.
Дунёдаги энг қиммат ит қадимги илдизларга эга, катта, сержун ва жуда дўстона Тибет мастифидир. Улар хайрихоҳ, бажонидил болалар билан ўйнайди ва жуда ғамхўр энагалар ҳамдир. Бу итларнинг ўртача баҳоси 100 минг АҚШ долларини ташкил қилади. 2013 йилда Хитойда катта ёшли ит 1,9 миллион долларга сотилган.
Ёввойи табиатдаги гигантлар
Қоидага кўра ёввойи табиат рекордчилари фақат ўлимидан кейин машҳур бўлади ва афсуски, уларнинг ўлим сабабчилари инсонлардир. Масалан, 2002 йилда танасанинг узунлиги 7 метрдан ошган одамхўр тимсоҳ ушланган. Ҳайвон жуда ноёб, бироқ у билан бир жойда “қўшничилик” қилиш жуда хавфли.
Расмий равишда кит акуласи сайёрадаги энг катта балиқ сифатида тан олинган. Унинг оғирлиги 20 тоннага етиши мумкин, бу эса темир йўл вагонининг оғирлигига тенгдир. Рекордлар китобига 2000 йилда Покистон ҳудудий сувларида тутилган танасининг узунлиги 7 метр, танасидаги энг кенг нуқтаси 16 метр бўлган акула киритилган. Ундан ҳам каттароқлари ушланганлиги ҳақида хабарлар бор, бироқ маълумотлар расман тасдиқланмаган.
"Ие, китларнинг узунлиги 20 метрдан, оғирлиги 40 тоннадан ошиб кетади-ку", деган билағонлар ҳам топилади. Уларга афсус, агар она китнинг болаларига берадиган сути бўлмаганида уни ҳақиқатан ҳам катта балиқ деб айтиш мумкин бўларди. "Гарчи кит сувда яшаса-да, у сут эмизувчидир. Балиқ эса балиқ. Уларни адаштирмайлик", деб айтган бўлар эдик...
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.