Гиёҳванд шифокор ва жарроҳлик қўлқоплари
Шифокор стерил қўлқопларни морфинга қарамлигини яшириш учун қўллагани ҳақида эшитганмидингиз?
Балтимордаги Жон Хопкинс шифохонасида ишлаган жарроҳ Уильям Холстед (1852-1922) ҳақида афсоналар юради. Бадавлат оиладан чиққан талаба ўқишга унчалик қизиқмасди. Бироқ, курс охирига келиб унинг тиббиётга қизиқиши уйғонади. Уильям амалиёт ўташ учун Европага, буюк немис жарроҳи (замонавий қорин бўшлиғи жарроҳлиги асосчиларидан бири) Теодор Биллрот раҳбарлигидаги шифохонага йўл олади. Қайтиб келгач, ёш мутахассис мўъжизалар ярата бошлайди.
Уильям 1881 йилда туғруқ пайтида кўп қон йўқотган синглисини қутқаради - Холстед унга шприц орқали ўз қонини жўнатади (ўша пайтда операция пайтида қон қуйиш мумкинлиги тўғрисида ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаган). Кейин у онасининг ўт пуфагидаги тошларни олиб ташлайди - бу Америкада биринчи - ўт йўлини кесиш операцияси бўлади.
Уильям кокаин қабул қилингач содир бўладиган вақтинчалик беҳушлик ҳақида билиб олгач, университетдаги дўстлари ва ўзида тажрибалар ўтказа бошлайди. Афсуски, Холстеддан ташқари уларнинг барчаси гиёҳвандликка берилиб, бир мунча вақт ўтгач вафот этади. Шундан сўнг Холстед гиёҳвандликдан қутулиш учун кураша бошлайди ва тирик қолиш мақсадида дўсти билан бирга яхтада денгизга чиқиб кетади.
Тиббий амалиётга қайтганида ҳамкасблари унга ишончсизлик билан муносабат қилишади. Айнан шу сабабли узоқ вақт давомида у бош шифокор этиб тайинланмайди. Бироқ, вақт ўтиши билан улар унинг кокаин қарамлигидан халос бўлганига амин бўлишади. Фақат биргина унинг ёрдамчиси Каролина бу ерда нимадир «бошқача» эканлигини сезарди.
Бир куни шифохонадаги навбатдаги операциядан сўнг, Каролина жарроҳнинг қўлидаги кучли қалтирашни, у тезда хонасига кириб кетиб, бир оздан сўнг тинчгина қайтиб келганини пайқайди. Ўшанда Уильям морфинга ўтиб олган эди. Ёрдамчи гап нимада эканини тахмин қилади, лекин бу ҳақда ҳеч кимга айтмайди.
1890 йилда Холстед саратон касаллигига чалинган сут безини олиб ташлайди ва илгари даволаб бўлмайдиган деб ҳисобланган чурра тушишини енгиб, иккита ноёб операцияни амалга оширади, шундан сўнг у шифохонанинг бош жарроҳи этиб тайинланади. Энди яна бир бошқа муаммо пайдо бўлади: Каролинанинг антисептик билан тез-тез алоқа қилиши туфайли бу суюқлик унда дерматитни ривожлантирди. Бош шифокор сири ҳақида сукут сақлаган ёрдамчисини йўқотиш хавфи Холстедни жиддий ташвишга солиб қўяди.
Ёрдамчиси қўлларини ҳимоя қилиш учун бош шифокор резина қўлқоплар буюради. Бу ғоя бошқа шифокорларга жуда ёқади ва улар ҳам қўлқопдан фойдалана бошлашади.
Бундан ташқари, таниқли жарроҳ инфекция хавфини камайтириш учун операция хоналарида ниқоб кийилишида билвосита таъсир кўрсатади.
Олти ой ўтгач, Холстед ёрдамчиси Каролинага уйланади ва кейинги 10 йил давомида улар бирга унинг гиёҳвандлигига қарши курашадилар ва яна 10 йилдан сўнг у ниҳоят бу қарамликни бутунлай енгади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.