Глюкометрдан қандай фойдаланасиз?
![](https://static.zarnews.uz/crop/6/7/720__80_67780c494b3029aa74477b46c1dacd79.jpg?img=self&v=1739379763)
Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали томонидан Жомбой тумани тиббиёт бирлашмасида ўтказилган ўқув-семинарда шу каби саволларга жавоб изланди.
Тумандаги поликлиникалар оилавий шифокорлари ва амалиётчи ҳамширалар учун ташкил этилган тадбирда бирламчи тизимда эндокрин касалликларни эрта аниқлаш, беморларни текшириш ва даволаш режасини тўғри тузиш, касалликлар асоратларини олдини олиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича тарғиботни кучайтириш бўйича сўз юритилди.
– Аҳоли ўртасида эндокрин касалликларни эрта аниқлаш мақсадида ўтказиладиган скринг текширувларида бизнинг асосий таянчимиз бирламчи бўғиндаги оилавий шифокорлар ва ҳамширалар ҳисобланади, – дейди Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали бош врачи Гулзода Негматова. – Ҳар йили вилоятимизда минглаб фуқаролар ушбу турдаги кўрикдан ўтказилади. Бу жараёнда касалликнинг илк белгилари кузатилади, беморлар аниқланади ва шунга қараб уларни даволаш чоралари кўрилади. Борди-ю ана шу скрининг текширувлари чоғида глюкометр орқали қонда қанд миқдорини аниқлаш ёки скрининг карталарини тўлдиришда кичик хатога йўл қўйилса, бу бир инсон саломатлигига ёки унинг келажагига ёмон таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли жойларда мунтазам равишда шу каби ўқув-семинарлар ўтказиб, бирламчи бўғиндаги ҳамкасбларимиз малакасини оширишга эътибор қаратамиз.
Тадбирда оилавий шифокорлар ва амалиётчи ҳамширалар фаолиятида скрининг жараёнида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Семинар иштирокчилари ўзлари мисолида скрининг карталар тўлдиришди ва 9 баллдан юқори натижа қайд этилган тиббиёт ходимларининг қонда қанд миқдори ўлчаниб, диабет олди ҳолати ва қандли диабет аниқланган ходимларни текшириш, даволаш ҳамда диспансеризация режалари тузилиб, оилавий шифокор ва амалиётчи ҳамшираларга намуна тарзида тақдим этилди.