Гоҳ пиёда, гоҳ велосипедда кунига 10 километр масофа босадиган ҳамшира

Жомбой туманининг энг чекка ҳудудида жойлашган Олмазор маҳалласида 6 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Уларга бирламчи тиббий ёрдам “Зарафшон” оилавий шифокорлик пункти томонидан кўрсатилади.

- Мазкур тиббий муассасамизда 25 нафар ходим фаолият олиб боради, - дейди пункт мудири Мавлуда Абдуллаева. – Уларнинг 3 нафари хўжалик ишлари билан шуғулланадиган эркак киши. Қолганлари тиббий ходимлар бўлиб, барчаси хотин-қизлардир. Патронаж ҳамшираларнинг бири Матлуба Норқулованинг жамоамизда алоҳида ўрни бор. У олий тоифага эга билимли, малакали мутахассис. Айрим олий маълумотли шифокорлардан қолишмайди. Сабаби, у бу пунктга келгунча бир қатор тиббиёт муассасаларининг турли бўлимларида меҳнат қилган ва етарлича тажриба тўплаган. Аҳоли дардини эринмай тинглайди ҳамда уларни қийнаётган муаммоларига қараб, қайси мутахассисга учрашиш кераклиги ҳақида тўғри йўл-йўриқ кўрсата олади. Ўзига бириктирилган ҳудудда кимгадир бирламчи тиббий ёрдам зарур бўлса, кечани кеча, кундузни кундуз, демай беминнат хизмат кўрсатади. 


Матлуба Норқулова маҳалланинг Еттиўғил қишлоғи аҳолисига хизмат кўрсатади. Уни ҳудудда яшовчи кекса-ю ёш бирдек ҳурмат қилади.

Мактабни тамомлаганимда кимё ва биология фанларидан яхшигина билимга эга бўлганлигим учун ота-онам тиббиёт институтига ўқишга киришимни тавсия қилганди, - дейди у. – Аммо мен ҳамшира бўлишни орзу қилиб, техникумда ўқишга қарор қилганман. Бундан афсусланмайман ҳам. Асосийси, ишсиз эмасман. Ойлигим ҳам яхшигина. Жомбой туманига келин бўлиб тушганимдан бери бир неча тиббиёт муассасаларида ишладим. Мазкур пунктда иш бошлаганимга эса 8 йил бўлди. Бир неча бор туман ва вилоят ҳокимлиги томонидан тақдирланганман. 2016 йилда менга велосипед совға қилинганди. Оилавий шифокорлик пункти билан мен хизмат кўрсатадиган қишлоқ орасидаги масофа 3-4 километрни ташкил этади. Баъзида пиёда, баъзида велосипедда кунига 10 километрча масофа босаман. Ҳаракатланиб туришнинг саломатлик учун ҳам фойдаси катта. Бу билан аҳолига ўрнак ҳам бўламиз.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ,

Феруза МАМАТҚУЛОВА.