Голландия қабристонидаги самарқандликлар: 101 ватандошимизнинг дўзах азоблари
Уларнинг ярмига яқини хоки поклари бегона юртларда қолиб кетди. Қанчаси бедарак йўқолди. Улар рўйхатида 101 нафар самарқандлик юртдошларимиз ҳам бор. Голландиялик журналист Ремко Рейдинг саъй-ҳаракатлари туфайли биз энди уларнинг аччиқ қисматлари ҳақида маълумотга эгамиз.
... Ўн тўққиз йил муқаддам Ремко Рейдинг Голландиянинг Амерсфорт шаҳарчаси ёнидаги унутилган қабристон билан қизиқиб қолди ва хароб, қаровсиз бу қабристонга асирга олинган ва фашизм ваҳшиёна қийноқлари қурбони бўлган 865 нафар совет жангчилари дафн этилгани, улардан 101 нафари Самарқанд шаҳри ва вилоятидан сафарбар қилинган ўзбеклар эканлигини аниқлади. У архив материалларини ўрганиб, фашистлар ирқни аниқлаш устида ўтказган лаборатория тажрибалари учун атайлаб монголоид қиёфадаги ўша ўзбек йигитларини танлаб олганининг гувоҳи бўлди. Рейдингга бу ишда ўша пайтда ўсмир бола бўлса-да, фашист тадқиқотчиларининг ёвузликларига гувоҳ бўлган, ҳозир 91 ёшдаги голландиялик Хенка Брукхаузен ўз хотиралари билан ёрдам берган.
Рейдингнинг ушбу ва бошқа архив маълумотлари асосида яратилган "Шон-шуҳрат майдонининг фарзандлари" китобида ўзбеклар устида ўтказилган яна бир тажриба ҳақида ёзилган. Тажриба ўтказишдан олдин, уч кун давомида ўзбек асирлари очликда сақланган. Тўртинчи куни уларни майдонга олиб чиқиб, сафга турғизишган ва олдиларига бир буханка нон ташлашган. Фашистларнинг фикрича, асирлар нонга оч итлардай ташланишиб, бир-бирларини ғажиб ташлагудек бўлишлари керак эди. Шундай бўлишига ишончи комил ёвузлар бўлажак нон талашишини суратга олиш учун ҳатто Германиядан кинооператорларни чақиришган эди. Не кўз билан кўрсинки, бундай ҳолат юз бермади. Тақдирга мардона тан берган, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзбекона иймон-эътиқодига доғ туширмайдиган асирлар нонга ташланмайдилар.
Амерсфорт шаҳарчаси фуқаролари ҳар йили баҳорда юртдошларимиз қабрларини зиёрат қилиб, гуллар қўйиб, шам ёқиб хотирлайдилар. Марҳумлардан қай бири қай биримизнинг қариндошимиз, тоға-жиянимиз, уруғ-аймоғимиз бўлиши мумкин.
Мақоланинг тўлиқ матнини 14 апрель да нашрдан чиққан “Зарафшон” газетасининг 44-сонида ўқинг.