Сотилаётган гўштнинг сифатига ким кафолат беради?
Самарқанд вилояти Давлат хизматлари агентлиги ва солиқ идораси маълумотларига кўра, бугунги кунда 347 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар мол сўйиш ва гўшт сотиш фаолияти билан шуғулланиш бўйича рўйхатдан ўтган. Улардан 199 нафари фаолиятини гўшт сотиш, яъни чакана савдога ўзгартирган.
Негаки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида сўйилмаган, тегишли ветеринария ҳужжати бўлмаган, ихтисослаштирилган сўйиш корхонасининг маълумотномаси ҳамда ветеринария-санитария экспертизаси хулосаси бўлмаган ҳолларда гўшт маҳсулотларини реализация қилиш таъқиқланган.
Шундай бўлса-да, 148 та қассобхона ўз фаолиятини ўзгартирмаган. Мисол учун, Ургутда 35 та, Самарқанд туманида 28 та, Пайариқ туманида 21 та, Паст Дарғом тумани ва Самарқанд шаҳрида 10 нафардан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини қонунийлаштирмаган.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, қассоб молни ўзи сўйиб сота олмайди. Бироқ мол сўйиш учун ойлик тўлов туманларда 50 минг сўм, гўшт сотиш (чакана савдо) учун эса 300 минг сўм. Каттақўрғон шаҳрида мос равишда 100/400 минг сўм, Самарқанд шаҳрида 250/750 минг сўм.
Кўриниб турибдики, қассоб солиқдан қочиб, ноқонуний йўлни танлаяпти. Яъни, у одамларни сифатли гўшт билан таъминлашни эмас, фақат чўнтагини ўйлаяпти. Ўз навбатида, мутасаддилар ҳам бунга панжа орасидан қараб келмоқда.
Энди ўзингиз ўйланг, шундай шароитда умумий овқатланиш шохобчалари, боғча ва шифохоналарда ишлатилаётган гўштларнинг сифати ва хавфсизлиги кафолатланяптими? Балки, шунинг учун баъзида овқатдан заҳарланиш ҳоллари кузатилаётгандир? Гўшт айнан белгиланган жойларда, қонуний фаолият кўрсатаётган корхоналардан савдога чиқарилмаётгани учун нархи кун сайин ошиб бораётгандир?
Аслида масъуллар кушхоналардан ташқарида ноқонуний мол сўйилиши, гўштнинг сифатини белгиланган тартибда назорат қилиш, хавфсизлиги кафолатланмаган гўштни савдога чиқарилишининг олдини олиши керак.
Бунинг учун жойларда кушхоналар ҳам етарли бўлиши ва талабга жавоб бериши керак. Аммо амалда бундай эмас. Мисол учун, бугунги кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган 25 та кушхоналарнинг бор-йўғи 13 таси автоматлаштирилган усулда чорва молларини сўйиши мумкин. Ушбу кушхоналарда кўрсатилаётган хизматлар сифати, ветеринария-санитария норма ва қоидаларига амал қилинишида ҳам аҳвол ачинарли даражада.
Вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида ушбу масала атрофлича муҳокама қилинди. Мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Кутамиз, санитария ва ветеринария, солиқ идоралари масъуллари, ҳокимликларнинг ахборот хизмати бу ҳақда нима деркин?