Гулчиликка қизиқиш табиатга меҳрми ёки бизнесми?

Жомбой туманидан ўтган киши йўл бўйида турли рангларда очилиб турган хризантема гулларига эътибор қаратади.

Гулчиликка қизиқувчилар шу ерининг ўзидан харид қилиб уйида, ишхонасида ёки йўл бўйларида шу гулни кўпайтирмоқда. Хўш, бу гулнинг асл ватани қаер ва уни қандай кўпайтириш мумкин? 

-  Асли Қўқон шаҳриданман, - дейди Жомбой тумани Назар маҳалласида бир неча йилдан буён хризантема гулини етиштириш билан шуғулланаётган Умид Шералиев. – Гулчиликни ўн беш йил аввал бошлаганмиз. Ҳозир оилам Фарғонада, мен Самарқандда гулчилик билан шуғулланаман. Гуллар кўчат ҳолида Хитойда тайёрланади, биз интернет орқали нави, ранги, албатта, харидоргир бўлган янги турларидан буюртма қиламиз. Ҳамма гулни ҳам шунчаки, хоҳлаган киши олиб келавермайди. Бунинг учун махсус рухсатнома, карантин талаблари бор. Шунинг учун келтириш билан шуғулланадиган ташкилотлар орқали гул кўчатларини оламиз ва ўзимиз кичик ниҳолдан парваришлаймиз. Бу гулга талаб ортиб боргандан сўнг Тошкентда етиштиришни бошладик. 2020 йилда Жомбойга келиб “Собиров Тошмурод” фермер хўжалигидан иккиламчи шартнома асосида ер олдик. Вилоят ҳокимининг тавсияси билан ўтган йили 3 гектардан ортиқ майдонда хризантема етиштирдик. Бундан ташқари, Самарқанд, Тойлоқ туманларида ҳам ер олиб, шу гулдан кўпайтирдик. Бу йил Жомбой ва Тойлоқ туманларида хризантема паваришлаяпмиз. Жомбой туманида 1,2 гектар майдонда 25 минг тупдан ортиқ гул етиштирдик. 

Бу гул аслида ўзимизда ўстирилган, десак ҳам бўлади. Чунки кўплаб хонадонларда оналаримиз “Сентябрь гул” деб номланадиган гул ўстиришган. Хитойлик олимлар бу гулнинг генини ўзгартириб, “янги нав” яратишган. Бу гул совуққа, касаллик ва зараркунандага чидамли. Пайванд ёки илдизидан эмас, фақат ҳужайрадан кўпайтирилади. Аввал бошида уч хил - қизил, сариқ ва оқ навлари бор эди. Ҳозир 30 хилдан ортиқ нав яратилган. 

Катта далаларда, яъни сотиш учун мўлжалланганда бу гулни июнь ойларида эккан маъқул экан. Чунки иссиқсевар гул уч ойда каттариб, куз фаслига келганда сотишга тайёр бўлади. Хонадонларда эса март-апрель ойларида экиш мумкин.

Гулчининг ўзи ҳам 1,2 гектар майдонда 10 июнда гул кўчатларини эккан. Бу фермерга эртаги ҳосилни йиғиштириб олиш имконини ҳам беради. Демак, такрорий майдонда ҳам етиштиришса бўлади. Боғбон 3 нафар доимй ва 15 мавсумий ишчининг меҳнатидан фойдаланади. Қуёш нурини севадиган гул кўчатлари 70х70 ўлчамда, одатий экинлар каби экилади. Мавсум давомида 4-5 маротаба чопиқ ва шунча суғорилади. Меҳнати унчалик оғир бўлмаганлиги ва илдизидан кўпайтириш қулайлиги учун шу ердан гул харид қилиб, кейинги йилдан кўчатни кўпайтираётганлар ҳам бор экан. 

- Гулни кузда кесиб томирини иссиқхона ёки музламайдиган ерга кўмиб қўямиз, - дейди У.Шералиев. - Бу баҳорда илдизидан кўпроқ ниҳол униб чиқишига ёрдам беради. Бизга кўпроқ ниҳол керак бўлгани учун ҳам шундай қиламиз, уй шароитида эса шунчаки барг-шохларини кесиб қўйса ҳам бўлади. 

Даромадимиз ўртача 300 миллион сўм атрофида бўлади. Янги навга талаб юқори бўлгани учун қимматроқ, ўтган йилги навлар бироз арзонроқ сотилади. Бу йилги янги нав митти қизил гулли хризантема бўлди. 

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.