Гуруч курмаксиз ва тошсиз бўлмас экан

Карантин. Ҳар кун эртадан кечгача қайсидир иш билан машғул бўлувчи дунё аҳолиси учун бу жуда ҳам оғир синов. Гўёки қанотлар қирқилиб, қафасга солиб қўйилгандек.

Аммо ҳар ишда бир ҳикмат бор, деганларидек бугунги кунимиз, яъни ўзимизни уйда асрашимиш нафақат ўзимизни, балки яқинларимизни, танишларимизни, маҳалладошларимизни, қўйингки, бутун Ўзбекистонни асраш демакдир. Аксинча бўлса-чи?..

Аксинча бўлса, яъни биз карантин талабларига беэътибор бўлсак, карантин даври чўзилади. Жамғармангиздаги маблағнинг эса таги кўрина бошлайди. Корхоналар эса иш бошлашининг имкони йўқ. Корхонада иш бўлмаса (хусусий корхоналар), ички низомидан келиб чиқиб маош ажратади. Даромад бўлмаган жойда буромад ҳам бўлмаслиги шу жойда ўз исботини кўрсатади...

Балки хорижда кимингиздир ишлаб, сизга пул юбориб тургандир. Энди улар ҳам карантинда. Вазиятингиз биринчи ҳолатдаги кишиникидан кам эмас. Энди нима қилиш керак?

"Аввал иқтисод, кейин сиёсат" деган ибора айни кунларда ўз кучини йўқотди ҳисоб. Негаки, иқтисоди бутун дунёни ўзига оҳанрабо мисоли тортиб турган давлатлар ҳолидан хабардормиз. Қанчалар  катта маблағ ажратмасин кўринмас душман олдида ожиз қолишмоқда. Нега? Негаки, улар ҳамма нарсани пулга сотиб олиш мумкин, деган ақидани хуш кўрувчилар. Аммо меҳр, оқибат, бирдамлик ҳеч қачон сотилмаслигини билишмайди (балки энди англаб ҳам олишгандир). Бизнинг ютуғимиз ана шу сотилмайдиган бебаҳо бойликка эгалигимизда. Аммо...

Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди. Беш килограмм картошкага эга бўлиш учун ўзини ҳам, бошқаларни ҳам аямаётганларни кўрдик. Шаҳарда виқор билан автомашинасида юришни истаганларнинг сохта стикерлар олиш илинжидаги уринишларига ҳам гувоҳмиз. Кам таъминланган оила сифатида, иқтисоди етарли бўлса-да маҳалла раисига сим қоққанларни ҳам эшитдик. Бундайларни аслида гуручда курмак эмас, тош десак ҳақиқатга яқинроқ бўлади. Киши ошдан тош чиққанида қандай ижирғанса, бугун жамият ҳам улардан шундай ижирғанади... Лекин бу уларга нисбатан жазо эмас. Жазо бу - бугунги ҳолатнинг чўзилиши. Беэътиборлар дастидан кўринмас душманнинг урчиши.

Бугунги карантин ҳолатимизда ўшандай хатоликларга йўл қўймасаккина карантинни эртароқ якунлаймиз.

Уйда қолинг ва давлатимиз олиб бораётган оқилона сиёсатга кўмакчи бўлинг!

Аслиддин Мустафоев.