Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳаддан зиёд ташвишланасизми? Кутилмаган хавфларни фаҳмлаган одам ўзи ва яқинлари ҳаётини сақлаб қолиши мумкин

Сўнгги илмий далиллар, тадқиқотлар ташвиш ва ташвишга мойиллик жуда ривожланган ақлнинг белгиси бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Безовталик даражаси юқори бўлган одамлар кўпинча баъзи масалаларга эътибор бермасликни ўзига эп кўрмасдан, турли муаммолар ҳақида ташвишланиб юриши бор гап. Бу борада ҳатто махсус ўрганиш олиб борилди.

Лондон қироллик коллежининг шахсий нейробиология бўйича мутахассиси Адам Перкинс бу ҳақда шундай дейди:

- Агар миянгизда салбий тусдаги, ўз-ўзидан яралган фикрлар ҳукмронлик қилса (таҳдидларни онгли равишда идрок этиш учун жавобгар бўлган миянинг олд қисми юқори даражадаги фаоллиги сабаб) ва сиз бошқаларга қараганда, ваҳимага кўпроқ тушишга мойиллигингиз бўлса (айниқса, бодомсимон безларининг юқори реактивлиги туфайли), бу унчалик хавфли бўлмаса-да, кучли салбий ҳис-туйғуларни бошдан кечириш қобилиятини белгилайди.

Бу шуни англатадики, бир қатор аниқ нейроник сабабларга кўра, невротизмнинг юқори даражасига эришган одамлар жуда ривожланган тасаввур соҳибидир. Аниқланишича,  қувноқ, бепарво одамлар муаммоларга дуч келмайди. Шунинг учун муаммоларни ҳал қилиш тўғрисида гап кетганда, улар невротик шахсларга қараганда пастроқ мавқега эга бўлади.

Бу назария ўзининг самарадорлиги билан синовдан осон ўтади. Чунки даҳолар кўпинча оғриқли, маъюс табиати билан ажралиб туришини ва невротизмнинг юқори даражасига ишора қилаётганини кўрамиз.

Исаак Ньютон, Чарльз Дарвин, Винсент ван Гог ва бошқаларнинг таржимаи ҳолларини эсланг. Джон Леннон ижод ва невротиклик ўртасидаги боғлиқлик ҳақида шундай деган эди: “Даҳолик – бу оғир дард”.

Аслида Перкинс ташвишланадиганлар муаммони бошқаларга қараганда анча олдинроқ ҳал қила олишларини кўзда тутган. “Улар доимий ташвиш туфайли барча жумбоқларни ҳал қилиш йўлларини излайди ва мияси бир сония ишлашдан тўхтамайди”, дейди у.

Профессор доктор Жереми Коплан ўзининг илмий тажрибасига асосланиб, шундай дейди:

- Биз хавотирни зарарли хислат сифатида кўриб чиқишга одатланган бўлсак-да, у ақл билан боғлиқ жуда мослашувчан хусусият. Юқори даражали хавотирнинг ортиши муаммо бўлиши мумкин. Лекин бу тоифадаги беморнинг кечинмалари тажрибаси кўпинча ақлга зиддир... Масалан, баъзида ҳаётда кутилмаган хавф пайдо бўлади. Ана шу ҳолатда ҳаддан ташқари ташвишланиш жуда қўл келади. Кутилмаган хавф сигналларини фаҳмлаб олган одамлар ўзлари ва авлодлари ҳаётини сақлаб қолишлари мумкин.

Энди ўзингизга савол беринг: Хўш, сиз ҳаддан зиёд ташвишланасизми?

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.