Ҳадя шартномаси нима ва у қандай тузилади?

Фуқаролик кодексининг 31-боби ҳадя шартномасига бағишланган бўлиб, ушбу бобда ҳадя шартномасининг шакли, уни тузиш, бекор қилиш ҳақида батафсил тушунча берилган.

Фуқаролик кодексининг 502-моддасида белгиланишича ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

Ушбу моддадан англанилишича ҳадя шартномаси бўйича нафақат ашё мулк қилиб берилади балки ашёга бўлган мулк ҳуқуқи берилиши ёки мавжуд бўлган мажбуриятдан қарздорни озод қилиниши ҳам ҳадя бўлиши мумкин.

Ҳадя қилувчи фақат ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мулкнигина ҳадя олувчига ҳадя қилишга ҳақли. 

Ҳадя шартномаси мулк ҳуқуқининг бир шахсдан иккинчи шахсга ўтишини назарда тутувчи битимлар тоифасига киради.

Ҳадя шартномаси текинга тузиладиган шартнома ҳисобланади.  Муайян бир ҳақ ёки наф эвазига тузилган ҳадя шартномаси ҳадя деб тан олинмайди.

Бундан ташқари, ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлганида бундай шартнома ҳам ҳадя деб тан олинмайди ва бундан шартномаларга Фуқаролик кодексининг битимни ҳақиқий эмас деб номланган нормалари қўлланилади.

Бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.

Ҳадя шартномасида ҳадя нарсаси аниқ кўрсатилиши лозим.

Ҳадя қилувчи ўзининг мол-мулкини ёки мол-мулкнинг бир қисмини ҳадя этишни ваъда қилиш ўз-ўзидан ҳақиқий эмас. Шунингдек ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширишни назарда тутувчи шартнома ҳам ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб баҳоланади.

Амалдаги Фуқаролик кодекси нормалари ҳадя шартномасини тузиш шаклига бир қанча талабларни қўяди. Мисол учун баъзи ҳадя шартномаларни оғзаки тузиш мумкин.

Лекин кўчар мулкни ҳадя қилиш шартномаси:

- ҳадя қилувчи юридик шахс бўлганида;

фуқаролар ўртасида базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ суммага шартнома тузилаётганда;

- шартномада келажакда ҳадя этиш ваъда қилинган ҳолларда оддий ёзма шаклда тузилиши лозим.

Яъни бу каби шартномаларни оғзаки тузилиши унинг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлади.

Шундай ҳадя шартномалари бўладики, уларнинг тузилиши алоҳида хусусиятга эга. Масалан кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Шуни унутмаслик керакки ҳадя шартномасига оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузилиши ҳадя шартномасини ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Ғайрат Якубов, ҳуқуқшунос.