Ҳам ўқиб, ҳам ишлаётган талабалар: Улар қаерларда ишлаяпти? Талаба меҳнатига талаб борми? Шароитлар қандай?

Эсимда, 3-курсда ўқиб юрган пайтим ишлашга қарор қилдим. Сабаби, оилада уч фарзанд – акам, синглим ва мен талаба эдик. Ҳаммамиз бюджетда ўқисак-да, ўша пайтда уч талабани ўқитиш осон эмасди. Ҳозир ҳам осон эмас, айниқса, талаба тўлов-контракт асосида ўқиётган бўлса.

Хуллас, дугонам билан роса иш изладик, аммо тополмадик. Курсимизда бир дугонам ўзига муносиб иш топиб, дарсдан кейин ишлай бошлади. Ҳаммамиз унга ҳавас қилардик. Сабаби, у ҳам стипендия, ҳам маош оларди, уйидан деярли пул олмасди. Бизнинг давримизда ишлайдиган талабалар жуда кам эди. Ҳар замон курсдош йигитларимиз шанба, якшанба кунлари мардикор бозорига чиқиб, меҳнат қилишини эшитиб қолардик. Бироқ қизлар учун ҳеч қаерда иш йўқ эди.

Хорижда талабалар ишлайди

Россияда ҳар бир шаҳарнинг ўз реклама газетаси бор. Унда кундузги, кечки, соатли, ойлик, мавсумий, доимий бўш иш ўринлари рекламаси берилади. Ҳатто “Талабалар учун иш” деб ёзилган алоҳида рукн бўлиб, унда соатбай, тушдан кейин ёки кечқурунги ишлар ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади. Талабалар учун ажратилган ишларнинг маоши унча кўп бўлмаса-да, талабанинг яшашига етарли миқдорда белгиланган. Ишлайдиган талаба оиласидан ёрдам сўрамасдан ўқий олади.

Бундан ташқари, интернетда ҳам талабалар учун бўш иш ўринлари рекламалари жойланган. Хуллас, улар ишлаш учун ҳеч қаерга сарсон бўлмайди. Рекламадаги рақамга телефон қилиб, ишлаш истагини билдиради. Ишнинг соати, маоши, ишчига қўйиладиган талаблар рекламада ёзиб қўйилган.

Бошқа хорижий мамлакатларда ҳам талабалар ўқиш билан бирга ишлашади. Ҳатто, Япония, Жанубий Корея сингари ривожланган давлатларда бой одамларнинг фарзанди ўзи ишлаб, ўқишига пул топади. Уларда аксарият ота-оналар фарзанди вояга етгач, “Ўз аравангни ўзинг торт”, дейди. Биздагидек, аввал олий таълимда ўқитиб, кейин ишга жойлаштириш ташвишини қилмайди. Хорижлик ёшлар ўқишни битиргач, мустақил иш топиб, ўз соҳасида меҳнат қилиб кетаверади.

Нега бизда иш ўринлари рекламаси йўқ?

Бизда бўш иш ўринлари рекламаси мавжуд доимий нашр борми? Рости, бундай газета ёки журнал борлигидан хабарим йўқ. Иш бўлмагандан кейин нашр нима қилади? Ҳатто интернетдаги ish.mehnat.uz сайтидан Самарқанд шаҳридан туризм, меҳмонхона, ресторан йўналиши бўйича иш қидириб кўрдик. Афсуски, биз излаган йўналишда ошпаз, официант, менежер касблари бўйича бирорта ҳам иш йўқ экан. Сайёҳлар учун туризм шаҳрига айланаётган Самарқандда наҳотки ушбу касблар бўйича иш бўлмаса?

Аслида иш бор, аммо бизда ҳамон реклама асосида ишга қабул қилиш йўлга қўйилмаган. Россияда интернетга кириб, “Иш керак” ёки “Иш излаяпман” деб ёзсангиз бўлди. Сиз турган шаҳарда қанча иш бўлса, чиқиб келаверади. Ҳатто бошқа шаҳарлардаги иш ўринлари билан ҳам танишишингиз мумкин. Бизда-чи? “Иш керак” деб интернетдан излаб кўргандим, Тошкент шаҳридан бир-иккита иш чиқди, холос. Талабалар учун эса умуман иш йўқ.

Президентимиз нега талабалар учун иш ўрни яратамиз, деди?

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 510 минг нафар талаба кундузги шаклда ўқимоқда (жами талабалар сони 820 минг нафар). Ўтказилган сўровномаларда уларнинг 100 мингга яқини ишлаш ва қўшимча даромад топиш ниятини билдирган. Яшириб нима қилдик, тўлов-контракт асосида ўқийдиган талабаларнинг ҳаммаси ҳам шаҳарда ўқиб, яшаб, контракт пули тўлашга қурби етмайди.

Жорий йилнинг 4 март куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида олий ўқув юртларида таълим олаётган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида талабаларни ишга жойлаштириш давлат томонидан қўллаб-қувватланиши таъкидланди. Шунингдек, барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида талабалар ишлашига рухсат берилди.

“Қайси ҳоким ёки ректор бўш иш ўринларини таҳлил қилиб, талабаларни жойлаштириш бўйича ишлаган? Ҳозирча бу саволга ижобий жавоб йўқ. Ҳоким ва ректорлар, бир нарсани билинглар - ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш шарт”, деди Президент.

Йиғилишда ОТМлардаги бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиш орқали уларда пуллик курслар, тўгараклар ва бошқа хизматлар ҳамда ишлаб чиқариш ташкил этиш кераклиги таъкидланди. Ҳар бир ректорга олий таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда бандлик марказларини ташкил этиш топширилди.

Талабалар қандай ишларда ишламоқда?

- 1-курсда ўқийман. Яқинда “Заковат” ўқув марказига ишга кирдим, - дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти хорижий тил ва адабиёти (инглиз тили) факультети талабаси Анора Қосимова. – Ўзим ўқишга киргунимча шу ерда ўқигандим, энди эса 10-11-синф ўқувчиларига инглиз тилидан дарс беряпман. Ҳафтада уч кун, дарсдан кейин ишлайман. Ўқув марказида ишлаш ўзимнинг билимимни ҳам мустаҳкамлаш имконини беряпти.

- Мен тўлов-контракт асосида 3-курсда ўқийман, - деди Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали рақамли иқтисодиёт йўналиши талабаси Меҳрож Собиров. – Дарсдан кейин ушбу олий таълим даргоҳида контент менежер мутахассислиги бўйича 0,5 штатда ишлайман. Стипендиясиз ўқиганим сабабли маошимни ўзимнинг эҳтиёжларимга сарфлайман.

- Новвойлик менга ота касб, асли ургутликман, - дейди Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг биотехнология, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси факультети 3-курс талабаси Нурали Эргашев. - Шанба ва якшанба кунлари новвойхонада ишлайман. Шаҳар ва Тойлоқ тумани марказида ўз новвойхонамиз бор. Икки кун ишлаб, бир ойлик стипендиям миқдорида пул топаман. Келгусида магистратура босқичида ўқиш ниятим бор, ўз соҳамдан келиб чиқиб, новвойхона фаолиятини ҳам кенгайтирмоқчиман. Касбим ҳунаримни бойитади, ҳунарим эса касбимга фойда беради, деб ҳисоблайман.

Бироқ барча ишлашни истовчи талабага ҳам корхона ва ташкилотлардан иш топилавермайди. Ишлашга эҳтиёжи бор баъзи ёшлар кунлик, мавсумий ишларни ҳам бажаради.

- Шу йил контракт асосида олий таълим муассасасига ўқишга кирдим, - дейди ўзини таништиришни истамаган талаба. – Икки йилдан бери ўқишга кира олмаётгандим, шу сабабли ота-онам ўқитаман, деди. Аммо акам ҳам талаба. Иккаламизни ўқитишга уйдагилар қийналиб қолишди. Шу сабабли дарсдан сўнг иш қидириб, юк ташиш, автомашина ювиш каби мавсумий ишларни бажариб, пул топяпман.

Олий таълим муассасаларида ишлайдиган талабалар борми?

- Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида ҳам бугунги кунда 32 нафар талаба-магистрантлар иш юритувчи, услубчи, кабинет мудири, кутубхоначи, омборчи каби лавозимларда ишламоқда, - дейди филиал директори Шавкат Ҳасанов. - Келгуси ўқув йилидан бошлаб филиалда янгидан ташкил этиладиган иш ўринларига талабаларни кенг жалб этган ҳолда улар сафини 50 нафарга етказиш режалаштирилди. Қолаверса, филиалда 10 нафар талабадан иборат мавсумий ободонлаштириш отряди ташкил этилган бўлиб, талабаларга қўшимча иш ҳақи тўлаш асосида баҳорги кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Талабалар янги иш ўринларини интернет орқали топса...

Олий таълим муассасаларида ишловчи талабаларнинг асосий қисми магистратура йўналишида ўқийдиган талабалардир. Бакалавр йўналишида ўқийдиган талабалар учун иш ўринлари жуда кам. Президентимиз топшириғидан сўнг барча корхона ва ташкилотларда, шунингдек, олий таълим муассасаларида ҳам талабалар учун иш ўринлари яратилади. Истардикки, янги иш ўринлари интернетга жойланса ва бу тармоқ орқали иш топиш осон қилиб қўйилса, талабаларга янада қулай имконият яратилган бўларди.

Хуршида Эрназарова,

“Зарафшон” мухбири.