Ҳамширани калтаклаб, бурнини синдирган бемор қизнинг онасига нисбатан жиноят иши очилди

Жорий йил 28 январь куни фуқаролар У.А. ва унинг қизи Г.А. Фарғона шаҳар 2-оилавий поликлиникаси тиббиёт ходимлари Машҳура Тожиматова ва Матлюба Маъмуровага тан жароҳати етказишган. Поликлиника маъмурияти дарҳол тез тиббий ёрдам бўлимига, воқеа ҳақида профилактика инспекторига хабар беришган.

Суд-тиббий экспертиза бюросининг жорий йил 29 январдаги 340-сонли хулосасига кўра, ҳамшира М.Маъмуровада бурун суягининг ёпиқ синиши, бош мия чайқалиши, бўйин соҳасида шилинма, ўнг кўз-қовоқларида қонталаш каби тан жароҳатлари аниқланган.

Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига қараганда, мазкур ҳолат юзасидан фуқаро У.А.нинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисмида кўрсатилган қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш жинояти аломатлари мавжудлиги сабабли унга нисбатан ушбу модда билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.