Ҳар бир мурожаат эътиборда бўлса, муаммолар барҳам топади
Бу гап халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари тўқсон иккинчи сессиясида айтилди. Унда аҳоли мурожаатлари ечими билан бирга бошқа долзарб масалалар ҳам кўрилди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири С.Усмонов бошқарди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиевнинг вилоятда аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш ҳолати юзасидан ахбороти тингланди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва вилоятдаги халқ қабулхоналарига 91 261 та мурожаат келиб тушган (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 311 тага камайган). Энг кўп мурожаат Самарқанд шаҳри (14 206 та), Паст Дарғом (9 864 та), Пайариқ (8 428 та), Ургут (7 549 та) ва Пахтачи (6 857 та) туманларида қайд этилган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 65 860 таси қаноатлантирилган, шундан 35 188 таси ижобий ечимини топган. 7 142 таси кўриб чиқиш жараёнида.
- Ҳисобот даврида аҳоли мурожаатларининг ижобий ҳал этилиш даражаси Оқдарё, Булунғур, Паст Дарғом, Жомбой туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида 40 фоизни ҳам ташкил этмаган, - деди М.Турдиев. – Кейинги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аҳоли томонидан маҳалладаги чиқиндиларни олиб чиқиш, электр энергияси таъминоти, бандлик масалаларига оид такрорий мурожаатлар кўпаймоқда. Ачинарлиси, муаммоларни ўрганиш юзасидан ёки республика ишчи гуруҳи таркибида ходимларимиз хонадонларга борганида, айрим фуқароларнинг боқимандалик кайфиятида эканлиги кузатиляпти. “Керак бўлса, раҳбарлар келиб уйимизни оқлаб, тозалаб беришади” дея қўлига супурги олмаётган фуқаролар учрамоқда. Бу маҳалла фаоллари, жамоатчилик, диний уламолар ҳам ташаббускорлик кўрсатиб, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боришлари лозимлигини тақозо этади.
Ахборотда келтирилган масалалар юзасидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд филиали директори У.Назаров, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Ш.Эшонқулов маълумот берди. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида мутасаддилар томонидан илгари сурилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиш, масъул идора раҳбарларининг аҳоли муаммолари ва мурожаатлар билан ишлаш фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишга қаратилган зарур чора-тадбирларни белгилаш ҳамда уларни навбатдаги сессияларда муҳокама қилиб боришга келишиб олинди.
Шунингдек, сессияда ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилиб, Кенгаш қарорлари қабул қилинди.
Депутатлар вилоят ҳокимининг Ҳамроев Ойбек Неъматовични Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлаш тўғрисидаги қарорини тасдиқладилар.