Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг етмиш учинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.
Сессия кун тартибига битта масала - аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш ҳолати киритилди.
Мазкур масала бўйича вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Н.Сулаймонов, “Самарқанд электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти директори Ф.Қурбонов, Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ф.Худойқулов, вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Нарзиқулов, шунингдек, Самарқанд шаҳар, Пайариқ, Самарқанд ва Ургут туманлари сектор раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Н.Сулаймоновнинг аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш ҳолати, такрорий мурожаатларнинг кўпайиш сабаблари юзасидан таъкидлашича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бош бошқарма ва туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига жами 5254 та мурожаат келиб тушган. Шундан Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефони ва виртуал қабулхонаси орқали 4441 та мурожаат йўлланган.
Бу мурожаатлардан 1771 таси ижобий ҳал этилган, 1637 тасига ҳуқуқий маслаҳатлар, 823 тасига тушунтириш берилган.
Кенгаш раиси бу борадаги ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилиши масаланинг ечими эмаслиги, аксинча, унинг ортида турган фуқаролар муаммоси соҳа раҳбар ва мутахассислари томонидан ҳал этилиши шарт эканини таъкидлади.
Мурожаатлар ечимига жиддий эътибор қаратмагани, қатор камчиликларга йўл қўйганлиги учун бошқарма бошлиғи Н.Сулаймоновга "ҳайфсан" интизомий жазоси бериш, Паст Дарғом, Пайариқ, Қўшработ, Жомбой туманлари аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари раҳбарларини лавозимидан озод этиш тавсия этилди.
“Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти директори Ф.Қурбоновнинг айтишича, жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоят аҳолисидан 4796 та мурожаат келиб тушган. Шундан 699 тасини такрорий мурожаатлар ташкил этади. Бугунги кунда бу мурожаатларнинг 343 тасининг ижросини таъминлаш қурилиш материаллари етишмаслиги сабабли кечикяпти.
- Хоҳ у иш билан таъминлаш масаласи бўлсин, хоҳ электр энергиясидаги узилишларга барҳам берилиши ҳақида бўлсин, ҳар бир мурожаатнинг ортида инсон тақдири бор, - деди Эркинжон Турдимов. – Буни ҳар бир раҳбар, масъул ходим ҳис этиши, зиммасида қандай масъулият борлигини билиши лозим. Мурожаатлар ҳолати тизимлар талаб даражасида ишламаётгани, раҳбарлар масъулиятсиз эканини кўрсатяпти. Бундай муносабат оқибатида аҳоли мурожаатлари камаймайди, аксинча, кўпаяди. Шу боис мурожаатчи ёки у кўтарган муаммо билан эмас, муаммонинг келиб чиқиш сабаби билан курашиш керак. Масалан, электр таъминоти тизимида мурожаатлар ечимига реал эътибор қилинмаган, имконият бўлса-бўлмаса, ваъда берилган, оқибатда жойларда аҳоли мурожаатида акс этаётган трансформатор ёки симёғочни алмаштириш муаммоси йўғон ичакдек чўзилиб келяпти.
Сессияда мурожаатлар ечимига панжа орасидан қараган айрим туман электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига огоҳлантириш берилди.
Шундан сўнг депутатлар вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Нарзиқуловнинг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги ҳисоботини тингладилар. Таъкидланишича, бошқармага шу йилнинг ўтган даври мобайнида 1227 та мурожаат келиб тушган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 163 тага ёки 15,4 фоизга кўпайган). Бироқ 31 та мурожаатнинг кўриб чиқиш муддати бузилган.
Муаммоли мурожаатлар масъул ижрочилар томонидан жойида борган ҳолда батафсил ўрганилмасдан, фуқарога умумий жавоб берилиши, шунингдек, аксарият ҳолларда рад этиладиган мурожаатларга асослантирилган қонун нормалари аниқ кўрсатилмагани, мурожаатчиларга юзаки жавоб хати юборилиши такрорий мурожаатларнинг кўпайишига сабаб бўлган.
Бошқа ташкилот, туман, шаҳарлар сектор раҳбарларининг ҳисоботи ҳам танқидий таҳлил қилинди, депутатлар мурожаатчиларни қийнаётган, муаммо ечими бартараф этилмаётган масалалар бўйича улардан изоҳ, ижроси бўйича аниқ муддат сўради.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарори қабул қилинди.