Ҳар бир йигит-қиз келажаги Президент эътиборида

Умр инсонга бир маротаба берилади. Шу умри давомида билмасдан жиноят йўлига кирган, сўнг уни англаб етиб чин кўнгилдан пушаймон бўлган фуқаролар учун бу жуда катта имконият. Тасаввур қилинг, 136 нафар фуқаро оиласи, маҳалласи бағрига қайтди. 136 хонадонга хурсандчилик кирди.

Юртбошимиз йил бошидан буён қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 993 нафар фуқаро, жумладан, 456 нафар йигит-қиз ҳамда 113 нафар аёллар ёшлар иттифоқи, маҳалла ва хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги билан жазодан озод қилинганини қайд этди.

Ўзим гувоҳиман, эндигина 20 ёшга кириб, йўлдан адашган йигитлар ёшлар иттифоқи кафиллиги билан суд залида жазодан озод қилинди. Бундай амалиёт ҳали бирорта давлатда йўқ. Қаранг, жамоатчилик унга кафолат бермоқда.

Вилоятимизда ҳам бундай ёшларнинг сони 56 тага етди. Уларнинг деярли барчаси ўзлари билмай жиноят содир қилган ёшлардир.

Маърузада ёшларимизнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйиши учун “Yoshlar - kelajagimiz”  дастури асосида кам фоизли кредитлар берилаётгани айтилди. Дарҳақиқат, бугунги кунга қадар ушбу дастур асосида самарқандлик 348 нафар ёшларга қарийб 41 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бунинг натижасида 2042 нафар ёшлар доимий иш билан таъминланди.

Биз жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни шакллантирмас эканмиз, ҳуқуқбузарликка чек қўймас эканмиз, қонунни бузиш ҳолатлари давом этаверади. Бинобарин, қонунларга ҳурмат одамларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданияти асосида шаклланади. Яъни, айрим кишилар жазодан қўрқиб қонунга итоат этса, бошқалар болаликда олган тарбиясига кўра қонунни ҳурмат қилади.

Шу боис биринчи навбатда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарбияни кенг йўлга қўйишимиз зарур. Буни мактабда таълим, оилада тарбия орқали ёшларга сингдиришимиз талаб этилади.

Рустам ҚОБИЛОВ,

Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари.