Ҳар йили 2,5 миллион мусулмон борадиган Ҳаж сафарига бу йил 10 минг кишига рухсат берилиши мумкин

Камида 2,5 миллион мусулмон борадиган ҳаж сафарига жорий йилда фақатгина 10 минг нафар одамга рухсат берилиши мумкин. Бу ҳақда 23 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра ишлари бўйича вазири Муҳаммад Салоҳ маълум қилди.

“Жорий йилда ҳожилар сони кескин чекланиши мумкин ва бу рақам эҳтимол ўн минг нафардан ошмайди. Бу фақат ички ҳаж бўлади, хорижий фуқаролар учун истисно қилинмайди”, дея таъкидлади вазир.

Унинг сўзларига кўра, ҳожилар хорижий дипмиссиялар билан бирга саралаб олинади. Уларнинг барчаси коронавирусга тест таҳлили топширади ва ҳаж сафари якунланганидан сўнг 14 кунлик карантинга жойлаштирилади. Ҳаж вақтида уларнинг саломатлигини шифокорлар гуруҳи назорат қилиб боради.

Коронавирус билан касалланиш сони бўйича Саудия Арабистони араб давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллаб турибди. У ерда 161 мингдан ортиқ коронавирус ҳолати қайд этилган. Мамлакатда бир неча ҳафтадан буён бир суткалик касалланиш ҳолати 3 минг нафардан пастга тушмаяпти. Саудия Арабистонида коронавирус оқибатида жами 1307 нафар бемор вафот этди ва 105 мингдан ортиқ бемор тузалди.